Шаҳримизнинг эртанги қиёфаси айнан бугунги танловларимиздан бошланади
Бир неча кун давомида пойтахтда кузатилган юқори ҳаво ифлосланишидан азият чекканлар қаторида мен ҳам бор эдим. Ҳаводаги чанг таъсирида нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, кўз ва томоқ қичишиши ва йўтал каби белгилар билан оилавий шифокор кўрсатмаси асосида тиббий муолажалар олиб туришга мажбур бўлдим.
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, октябрь ойи охирида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароитига антициклон таъсири, шамолнинг сусайиши, ёғингарчиликнинг йўқлиги ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлган. Бунинг натижасида транспорт, саноат ва энергетика корхоналаридан атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар, шунингдек, табиий чанг ҳавонинг қуйи қатламларида тўпланиб қолган. Албатта, бундай метеорологик шароит ҳавонинг ифлосланиши кучайишига туртки берган кўплаб омиллардан фақат бир қисми. Бироқ, бу ҳолат яна бир муҳим ҳақиқатни кун тартибига олиб чиқди: шаҳар ҳавосининг сифати нафақат табиий-иқлимий шароитларга, балки инсоннинг кундалик фаолияти, айниқса, транспортдан фойдаланиш маданияти ва шаҳар инфратузилмасига ҳам бевосита боғлиқ.
Ишга кетаётиб шу ҳақда ўйлар эканман, навбатдаги қизил чироқ қаршисида тўхтаб қолдим. Атрофга разм солдим. Йўллардаги манзара деярли ҳар куни такрорланадиган ҳолат: кимдир ишга, кимдир ўқишга, яна кимдир ўз юмушлари билан йўлга чиққан. Ҳамма шошяпти. Аммо манзилга қачон етиб боришини ҳеч ким аниқ билмайди. Айниқса, тирбандлик кучайган пайтларда шахсий автомобилда ҳаракатланиш жамоат транспортидан фойдаланишга қараганда кўпроқ вақт талаб қилиши ҳам мумкин. Энг ташвишлиси, автомобиль тирбандликлари фақат вақтимизни ўғирлаётгани йўқ. Улар ҳаво ифлосланиши муаммосини ҳам янада оғирлаштирмоқда. Йўлларда бир жойда узоқ вақт тўпланиб турган минглаб автомобиллардан чиқадиган чиқинди газлар ва майда заррачалар шаҳар ҳавосига қўшимча ифлослантирувчи моддаларни тарқатади. Бу эса аллақачон экологик босим остида қолган шаҳар муҳити ва, энг аввало, инсон саломатлиги учун яна бир жиддий хавфдир.

Мен ҳам шаҳар бўйлаб шахсий машинамда ҳаракатланишни қулай деб ўйлардим. Аммо сўнгги вақтларда бошқача қарорга келдим: автоуловимни уйда қолдириб, метро хизматидан фойдаланишни лозим деб билдим. Бу шунчаки транспорт воситасини алмаштириш эмас. Бу мен учун — вақт, қулайлик, иқтисод ва шаҳар муҳитига бошқача назар билан қарашга ундайдиган танлов бўлиб туюлди. Белгиланган йўналиш, ҳаракат жадвали ва ерости йўли орқали шаҳарнинг бир нуқтасидан бошқасига етиб олиш мумкин. Энг муҳими, йўлдаги тирбандлик кайфиятингиз ва кун тартибингизни белгиламайди.

Аслида метронинг аҳамиятини фақат бир манзилдан иккинчисига етказиб қўйиши билан ўлчаб бўлмайди. У шаҳарнинг транспорт юкламасини камайтиради, кўчалардаги автомобиллар сонини қисқартиришга хизмат қилади, ҳавога чиқариладиган зарарли чиқиндиларни камайтириш имконини беради.
— Бугун дунёда транспорт тизимининг рақобатбардошлиги унда қўлланилаётган технологиялар билан ҳам чамбарчас боғлиқ, — дейди “Тошкент метрополитени” АЖ Ҳаракат хизмати дистанция бошлиғи Акбарали Ҳайдаров. — Тошкент метрополитенида ҳам йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида рақамли хизматлар изчил ривожлантирилмоқда. Илгари ерости бекатларида мобил алоқа имкониятлари чекланган бўлса, бугунги кунда деярли барча йирик мобил алоқа операторларининг барқарор сигнал қамрови таъминланган. Бекатларда бепул Метро Wi-Fi хизмати йўлга қўйилган, туннелларда ҳам мобил алоқа сифатини яхшилаш бўйича техник ишлар амалга оширилган.
Метрополитен ривожланишининг ҳақиқий натижаси энг аввало, ундан фойдаланаётган йўловчилар сони ва уларга кўрсатилаётган хизмат сифатида намоён бўлади. Масалан, ўтган йиллар давомида Тошкент метрополитени бир кунда ўртача 280–300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 1,2 миллион нафардан ошди. Бундай ўсиш тизим зиммасидаги масъулиятни ҳам бир неча баробар оширади. Йўловчилар оқимининг ортиши муносабати билан ҳаракат таркиблари парки кенгайтирилди. Агар 2021 йилга қадар метрополитенда жами 40 та ҳаракат таркиби хизмат кўрсатган бўлса, 2026 йилга келиб 55 та замонавий ҳаракат таркиби харид қилинди. Натижада ҳаракат таркибларининг умумий сони 90 тадан ошди.
Шунингдек, мутахассиснинг таъкидлашича, метрополитен инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор чоралар кўзда тутилган. Хусусан, 2030 йилгача метрополитенда кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар узунлигини 103 километргача ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5-3 дақиқагача қисқартириш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, Тошкент метрополитени бугун аввалги йилларга нисбатан анча кенгайган. Янги бекатлар, замонавий поездлар, реконструкция қилинган иншоотлар, электрон тўлов тизимлари ва йўловчилар учун яратилаётган қулайликлар метро хизматининг аҳамиятини янада оширмоқда.
Шахсий автомобилнинг ҳам қулай томонлари кўп, албатта. Истаган манзилингизга йўл оласиз, йўналишни ўзингиз танлайсиз. Аммо катта шаҳарда бу қулайлик ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Тирбандлик, ёқилғи харажати, автомобилни жойлаш учун “парковка” излаш, таъмирлаш ва техник хизмат — буларнинг барчаси ҳайдовчидан вақт ҳамда маблағ талаб қилади. Метро эса кўп ҳолларда бу ташвишларни четлаб ўтиш имконини беради. Бир кишининг шахсий машинасини уйда қолдириши экология ва йўл муаммоларини ҳал қилиб юбормайди. Аммо минглаб одамлар шундай танлов қилсачи? Бу нафақат йўллардаги тирбандликка, балки табиат мусаффолигига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, жамоат транспортидан фойдаланиш — умумий маконга ҳурмат, бошқаларнинг вақти ва қулайлигини ҳам ҳисобга олиш маданияти.
Албатта, метро ҳамма учун ва ҳар қандай йўналишда бирдек қулай бўлмаслиги мумкин. Бироқ жамоат транспортининг сифати ва қамрови ошган сари уни танлайдиганлар ҳам кўпаяди. Унутмайлик, шаҳар фақат автомобиллар учун эмас, инсонлар учун қурилади. Унинг кўчаларида пиёда юриш, велосипед ҳайдаш ва жамоат транспортида эркин ҳаракатланиш имкони бўлиши керак.
Эҳтимол, шаҳримизнинг эртанги қиёфаси ҳам айнан бугунги танловларимиздан бошланар. Мен ўз танловимни қилдим — тирбандликда вақт йўқотиш ўрнига метрони танладим. Бу танловим нафақат шахсий қулайлигим, балки шаҳримизнинг келажаги учун ҳам фойдали бўлишини истардим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА