Сессия муҳокамасига пухта тайёргарлик
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят прокуратурасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан ахборот эшитилади. Сессия муҳокамалари амалий натижаларга асосланиши мақсадида депутатлар, доимий комиссия аъзолари ҳамда экспертлар иштирокида прокуратура органларининг олти ойлик фаолияти ҳудудлар ва соҳалар кесимида чуқур таҳлил қилинди.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига вилоят прокуратурасининг 2026 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган фаолияти тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиш масаласи киритилган.
Шу муносабат билан вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссияси, шунингдек, Кенгаш ҳузуридаги Эксперт ва Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзолари томонидан сессия олдидан прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлиги ҳар томонлама ўрганилди. Бу жараёнда фаолият натижалари ҳудудлар ва соҳалар кесимида таҳлил қилиниб, амалий ҳолатга холис баҳо беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолатлари юзасидан олиб борилган фаолият атрофлича таҳлил этилди.
Айни пайтда, вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ижроси юзасидан ҳам алоҳида ўрганиш ишлари амалга оширилди. Унда қонун талабларининг амалдаги ижроси, бу борадаги ишларнинг самарадорлиги ҳамда мавжуд ҳолат юзасидан тегишли хулосалар шакллантирилди.

Мазкур ўрганишлар якунлари, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири