Ижтимоий реестр: нафақа олишнинг янги қоидалари нимани англатади?
2026 йилдан бошлаб аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида муҳим ўзгариш амалга оширилди.
Энди давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам фақат даромадга эмас, балки оиланинг ижтимоий ҳолати, меҳнатга муносабати ва эҳтиёж даражасига қараб баҳоланади. Бунинг учун "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ҳамда "Камбағал оилалар реестри" негизида ягона Ижтимоий реестр жорий этилди.
Мазкур тизимнинг асосий мақсади давлат ёрдамини ҳақиқатан ҳам унга муҳтож бўлган оилаларга етказиш, ижтимоий ҳимоя механизмларини шаффофлаштириш ва меҳнатга лаёқатли аҳолини расмий бандликка рағбатлантиришдан иборат.
Уч тоифа — уч хил ёндашув
Янги тартибга кўра, реестрга киритилган оилалар "давлат таъминотидаги оила", "камбағал оила" ва "камбағаллик чегарасидаги оила" каби уч тоифага ажратилади.
Давлат таъминотидаги оилалар таркибида меҳнат қилиш имконияти чекланган шахслар бўлади. Масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар, боқувчисини йўқотган ёки фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оилалар, оғир касалликка чалинган аъзоси бор хонадонлар шу тоифага киради. Бу оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам уларнинг мақоми сақланиб турган даврда тўлаб борилади.
Камбағал оилалар эса меҳнатга лаёқатли аъзолари мавжуд бўлган, бироқ даромади етарли бўлмаган хонадонлардир. Уларга нафақа ёки моддий ёрдам олти ой муддатга тайинланади. Бироқ бу даврда меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг расмий бандлиги таъминланиши шарт ҳисобланади.
Учинчи тоифа — камбағаллик чегарасидаги оилалар. Бу ерда ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлади. Бундай оилалар ҳам белгиланган тартиб асосида олти ой муддатга давлат қўллаб-қувватловидан фойдаланиши мумкин.
Нафақа олиш учун расмий бандлик нега муҳим?
Янги тизимнинг энг муҳим жиҳати шундаки, давлат ёрдами фақат моддий қўллаб-қувватлаш билан чекланмайди. У фуқароларни меҳнат бозорига жалб қилишни ҳам кўзлайди.
Шунинг учун камбағал оила тоифасидаги меҳнатга лаёқатли шахс ишга жойлашиши, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиши, ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтиши ёки бандлик хизматига иш қидирувчи сифатида мурожаат қилиши лозим.
Агар ушбу талаблар бажарилмаса, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўхтатилади. Бироқ бу оиланинг Ижтимоий реестрдан чиқарилганини англатмайди. У бошқа ижтимоий хизматлар ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ҳаммага ҳам расмий бандлик талаби қўйилмайди
Қонунчиликда айрим фуқаролар учун енгилликлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, уч ёшгача фарзанд парваришлаётган оналар, кундузги таълимда таҳсил олаётган талабалар, пенсия ёшидаги шахслар, пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга қараётган фуқаролар, меҳнат мигрантлари, касбга ўқитиш ёки малака ошириш курсларида иштирок этаётганлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган айрим тоифадаги шахсларга нисбатан расмий бандлик талаби татбиқ этилмайди.
"Расмий ишлаяпман" дегани доим ҳам етарли эмас
Кўпчиликни қизиқтираётган масалалардан яна бири — расмий бандлик қандай баҳоланиши.
Масалан, якка тартибдаги тадбиркор уч ой давомида белгиланган солиқни тўламаган бўлса, ходимнинг иш ҳақи қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақидан паст бўлса ёки меҳнат шартномаси "Ягона миллий меҳнат тизими"да рўйхатдан ўтмаган бўлса, у расмий банд ҳисобланмаслиги мумкин.
Бу эса нафақа тайинлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ижтимоий ҳимоянинг янги босқичи
Ижтимоий реестрнинг жорий этилиши давлат ижтимоий сиёсатининг янги босқичини бошлаб берди. Энди нафақа ва моддий ёрдам тайинлашда инсоннинг эҳтиёжи билан бирга унинг меҳнат бозоридаги фаоллиги ҳам ҳисобга олинади.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур тизим бир томондан ҳақиқатан муҳтож оилаларни аниқлаш имконини берса, иккинчи томондан меҳнатга лаёқатли аҳолининг расмий бандлигини ошириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва аҳоли даромадларини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Демак, янги тартибнинг асосий ғояси оддий: давлат ёрдами муҳтожларга етказилади, меҳнат қилиш имконияти борларга эса иш билан таъминланиш орқали барқарор даромад манбаи яратишга кўмаклашилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА