Ижтимоий кўмак — ҳаётга ишонч бағишлайди
Бухоро вилояти Когон туманида ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, жамиятда фаол иштирок этиши учун зарур шароит яратиш борасида манзилли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир инсоннинг эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиқиб ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда шакллантирилаётган янги ижтимоий ҳимоя тизимининг муҳим жиҳати ҳам шундаки, энди ёрдам фақат моддий кўмак бериш билан чекланмайди. Инсонни қийин вазиятдан чиқариш, унинг мустақил ҳаёт кечириши, касб ва меҳнат орқали даромад топиши, фарзандларининг муносиб таълим олиши учун комплекс шароит яратиш устувор вазифага айланмоқда.
Тумандаги “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар бу ёндашувнинг ҳаётий ифодасидир. Мазкур маҳаллада 3 минг 561 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 79 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Маҳалла ижтимоий ходими Зулайҳо Нурматова томонидан ушбу тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжларини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва уларга манзилли ечим топиш борасида тизимли ишлар ташкил этилган.
Ана шундай эътиборга муҳтож фуқаролардан бири — Сайфиддин Раҳимов. Бир неча йил аввал содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида у бир оёғидан айрилди. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган уч нафар фарзанд отаси учун бу воқеа нафақат жисмоний, балки ҳаётий синовга ҳам айланди. Оила ташвишлари, кундалик эҳтиёжлар ва келажак ҳақидаги ўйлар унинг зиммасидаги масъулиятни янада оғирлаштирди.

Маҳалла еттилиги ва ижтимоий ходим томонидан оиланинг аҳволи ўрганилиб, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича индивидуал чора-тадбирлар белгиланди. Дастлаб Сайфиддин Раҳимовнинг мустақил ҳаракатланиши ва кундалик ҳаётга мослашиши учун зарур шароит яратишга эътибор қаратилди. Унга сон протези ва зарур реабилитация воситалари олиб берилди. Шунингдек, тиббий кўрсатмалар асосида стационар даволанишга юборилди.
Бироқ оилани қўллаб-қувватлаш фақат тиббий ёрдам билан чекланмади. Унинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди. Шу мақсадда Сайфиддин аканинг турмуш ўртоғи ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топиш имкониятига эга бўлди. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси кўмагида чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун 15 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бундан ташқари, хонадонни қуёш панели билан таъминлаш бўйича ҳам имтиёзли дастур доирасида тегишли чоралар кўрилди.
Оиланинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар етказиб берилди. Фарзандларнинг таълим-тарбияси, қобилияти ва қизиқишларини ривожлантириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Болалар ўз қизиқишларига мос пуллик тўгаракларга бепул жалб этилди, улардан бирининг мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли шартнома асосида қабул қилинишига кўмаклашилди.
“Нуронийлар” жамғармаси томонидан фарзандларга ўқув столи ва спорт кийимлари олиб берилди. Уларнинг таълим олиши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши ва қизиқишларини ривожлантириш юзасидан доимий мониторинг йўлга қўйилди.
Бугун бу хонадонда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар манзилли ижтимоий ёрдамнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этмоқда. Зеро, оилага кўрсатилган кўмак бир марталик моддий ёрдам билан чекланмади. У тиббий реабилитация, бандлик, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, фарзандлар таълими ва оиланинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш каби бир-бири билан узвий боғлиқ йўналишларни қамраб олди.

Бу мисолда эътиборга молик яна бир жиҳат бор: ижтимоий ҳимоянинг самараси ажратилган ёрдам миқдори билан эмас, балки инсон ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади. Оила ўз муаммоларини мустақил ҳал этишга қанчалик яқинлашса, фарзандлар учун янги имкониятлар қанчалик кенгайса, кўрсатилган кўмакнинг амалий натижаси ҳам шунчалик намоён бўлади.
Маҳалладаги бу каби ишлар замирида инсон қадрини улуғлаш, ҳеч бир фуқарони эътибордан четда қолдирмаслик тамойили мужассам. Энг муҳими, ижтимоий хизматлар инсоннинг фақат бугунги муаммосини ҳал этишга эмас, балки эртанги кунига ишонч билан қараши, ўз имкониятларини рўёбга чиқариши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири