Ижтимоий ҳимоя тизими такомиллашмоқда
Бухоро вилоятида фаолият юритаётган 34 та ижтимоий муассаса ҳамда 7 та тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси орқали аҳолига сифатли хизматлар кўрсатилмоқда. Айниқса, маҳаллаларда иш олиб бораётган ижтимоий ходимлар фуқароларнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва тезкор ечим топиш борасида муҳим ўрин тутмоқда.
Бугунги кунда “Инсон” ижтимоий хизматлари марказлари томонидан аҳолига 120 турдаги хизмат йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 82 таси бевосита ижтимоий хизматлардан иборат. Шунингдек, тушунтириш ва реферал хизматлар орқали фуқароларнинг ҳуқуқий, тиббий ва психологик муаммоларига ҳам ечим топилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Зойировнинг таъкидлашича, жорийнинг йил 1 апрель ҳолатига кўра, 4 минг 590 та оила бўйича ижтимоий иш — “кейс” очилиб, уларнинг аксариятида бирламчи баҳолаш ишлари амалга оширилган.
–14 мингдан зиёд оила аъзоларига ижтимоий хизмат кўрсатиш мақсадида 44 мингдан ортиқ индивидуал режалар ишлаб чиқилди. Маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар ва марказ операторлари томонидан 93 мингдан зиёд мурожаат қабул қилиниб, 66 мингдан ортиқ муҳтож фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди, –дейди у.
Бу рақамлар ижтимоий ҳимоя тизимида манзилли ёндашув кучайиб бораётганини кўрсатади. Энди ёрдам умумий эмас, балки ҳар бир оиланинг эҳтиёжи, шароити ва муаммосидан келиб чиқиб ташкил этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида “Камбағаллик” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестр”лари бирлаштирилиб, ягона “Ижтимоий реестр” тизими жорий қилинди. Бугунги кунда вилоятда 31 минг 553 та оила ушбу реестрга киритилган бўлиб, бу эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашда шаффофлик ва тизимлиликни таъминламоқда.
Олот тумани Усмоншайх маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган Муҳаррам Тоҳирова ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар ижтимоий ҳимоя тизимининг амалий натижасини яққол кўрсатади. У давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий-маиший хизматлар, тиббий реабилитация ва манзилли ёрдамлар билан тўлиқ қамраб олинган.
Хонадони таъмирланиб, яшаш шароити яхшилангани, ҳар ой компенсация тўловлари ўз вақтида етказиб берилаётгани ҳамда дори-дармон ва даволаниш имкониятлари яратилгани унинг ҳаётида катта енгиллик бўлди.
Муҳаррам опанинг сўзларига кўра, энг муҳими, инсон ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги керак. –Илгари кўп қийинчиликларга дуч келардик. Ҳозир эса ҳолимиздан хабар олишяпти, керакли ёрдамларни оляпмиз. Эътибор ва ғамхўрлик инсонга куч берар экан,–дейди у миннатдорлик билан.
Қоракўл туманида яшовчи якка-ёлғиз кекса Тошпўлат Қутлиев ҳам доимий ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Унга протез-ортопедия мосламалари, техник реабилитация воситалари етказиб берилган, коммунал тўловлар учун компенсациялар ажратилган. Шунингдек, Рамазон ойи ва куз-қиш мавсуми муносабати билан бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилгани ҳам инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Қоракўл тумани Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Раъно Холмуродова ҳам давлат ғамхўрлигини ҳис этаётган фуқаролардан бири. Унга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар, техник реабилитация воситалари ва компенсациялар унинг турмуш шароитини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.
2026 йилнинг январь–март ойларида реестрга киритилган оилаларга 52 мингдан зиёд ижтимоий хизмат кўрсатилди. Бу жараёнда аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Минглаб фуқаролар тадбиркорликка жалб қилиниб, доимий иш ўринлари яратилди. Имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди, касб-ҳунарга ўқитиш ишлари кенгайтирилди.
Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни бандликка жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда меҳнатга жалб қилиш мумкин бўлган 25 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар аниқланган бўлиб, жорий йилда уларнинг қарийб 5 минг нафарини иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Бу эса ижтимоий ҳимоя фақат нафақа ёки моддий ёрдам эмас, балки инсонни иқтисодий жиҳатдан мустақил қилишга қаратилган тизим эканини англатади.
Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда минглаб мурожаатлар қабул қилиниб, ҳимоя ордерлари расмийлаштирилди.
Психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди. Шошилинч қабул хоналарида жабрланган аёллар ва уларнинг фарзандларига вақтинчалик бошпана берилди.
[gallery-29657]
Айниқса, ресурс маркази томонидан оғир ҳаётий вазиятга тушган хотин-қизларга амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Инклюзив таълим, махсус синфлар ва “Илк ривожланиш марказлари” фаолияти орқали юзлаб болалар таълим ва тарбия билан қамраб олинган.
Бухоро вилоятида ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ишлар бир ҳақиқатни яққол намоён этмоқда: инсон қадрини улуғлаш бу шиор эмас, балки амалий ишлар орқали рўёбга чиқарилаётган ҳаётий тамойилдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА