Ерга муносабат — келажакка муносабат
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ердан самарали ва адолатли фойдаланиш тизимини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ҳамда ер муносабатларини рақамлаштириш орқали соҳада янги босқичга ўтишга қаратилган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида давлат раҳбарининг жорий йил 24 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш масалалари тушунтирилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, ер муносабатларини бозор тамойиллари асосида ташкил этиш, мулкдор ва ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини кучайтиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Фармон билан ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тизимини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш, ер муносабатларида инсон омилини камайтириш ҳамда рақамлаштириш механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Шунингдек, Фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини кучайтириш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли бандлигини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.

Тадбир иштирокчиларига бугунги кунда ҳудудларда ер майдонларини хатловдан ўтказиш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш, электрон маълумотлар базасини шакллантириш, ер ажратиш жараёнларини очиқ электрон платформалар орқали амалга ошириш ҳамда давлат хизматларини соддалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА