Ижтимоий ҳимоя соҳасида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик кенгайтирилмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Осиё тараққиёт банки бош директори ўринбосари Аяко Инагаки хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Осиё тараққиёт банкининг “Яшил, инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсиш учун иқлимий ўтиш жараёнини жадаллаштириш” дастурини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Мазкур дастур доирасида реестрларни интеграция қилиш, кам таъминланган оилаларга иқлимий ижтимоий кўмак кўрсатиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида манзилли дастурларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Дастурнинг кейинги босқичида Агентлик томонидан мослашувчан ижтимоий ҳимоя механизмларини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2026–2028 йилларга мўлжалланган ижтимоий суғурта ва сифатли иш ўринлари соҳасида техник кўмак тўғрисидаги меморандум доирасида пилот ҳудудларда идоралараро ҳамроҳлик моделини синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ижтимоий суғурта масалаларига бағишланган минтақавий семинар самарали ўтганини қайд этиб, ушбу форматни давом эттириш ва Ўзбекистон учун амалий тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олди.
Учрашувда, шунингдек, Агентлик мутахассисларининг Осиё тараққиёт банки тадбирлари, жумладан, 5–8 октябрь кунлари Манила шаҳрида ўтказиладиган Осиё-Тинч океани минтақаси Ижтимоий ҳимоя ҳафталигида иштирок этиши масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА