Ижтимоий ҳимоя: ҳеч ким эътибордан четда қолмайди
Бухорода Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари Бухоро тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Ойбек маҳалласи ҳамда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган Бухоро санаторий фаолияти билан яқиндан танишди.
Пресс-тур давомида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида “Ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга комплекс ёндашув асосида кўрсатиладиган профессионал ижтимоий хизматлар” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
– Бугунги кунда вилоятимизда 30 та ижтимоий муассаса ва 7 та Тиббий-ижтимоий эксперт комиссия фаолият олиб бормоқда. Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони эса 49 тадан 109 тага етказилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Умиджон Умаров. – Хусусан, 71 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам, 16 турдаги тушунтириш, 22 турдаги реферал хизматлар кўрсатилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари Бухоро туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида бўлди. Марказ директори Лазизжон Ҳайдаров меҳмонларга марказ фаолияти, хизмат кўрсатиш механизмини мисоллар орқали тушунтириб берди.
– Биз ҳар бир мурожаатчи билан алоҳида ёндашув асосида ишлаймиз. Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахснинг соғлиғи, психологик ҳолати, ижтимоий ҳаётга жалб этилиши ва бошқа омиллар комплекс баҳоланади. Шундан сўнг унга керакли хизматлар кўрсатилади ёки тегишли ташкилотларга йўналтирилади, – дейди Лазизжон Ҳайдаров.
Журналистлар марказга мурожаат билан келган фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишдаги ёндашувни бевосита кузатди.
Иштирокчилар тумандаги Ойбек маҳалласида ҳам бўлди. Маҳалла ижтимоий ходими Ситора Мирсолиеванинг айтишича, маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд фуқаролар ҳар томонлама рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати мунтазам кузатиб борилади.
– Ижтимоий ходимлик менинг ҳаётимдаги чақирувим. Мақсадим – одамларни жамиятга олиб кириш, уларга кераклилик ҳиссини сингдириш. Мен улар билан нафақат иш, балки ҳаётий дўст сифатида ҳам суҳбатлашаман, – дейди Ситора Мирсолиева.
Пресс-тур иштирокчилари ҳаётий синовларга дуч келган Шамсиябону хонадонида ҳам бўлди. У 2024 йилда автоҳалокат оқибатида ногиронлик орттирган. Маҳалла ижтимоий ходими томонидан унинг ҳолати ўрганилиб, зарур ижтимоий хизматлар кўрсатилди.
– Менга ногиронлик белгиланди, онамга қаровчилик нафақаси тайинланди. Психологик хизматлар, аравача, соғломлаштириш марафонида иштирок этиш, булар ҳаётимда катта ўзгаришлар ясади, – дейди Шамсиябону.
Айни пайтда у 1-гуруҳ ногиронлик даражасига эга бўлиб, оиласи билан бирга яшамоқда. Отаси ҳам расмий парваришловчи сифатида иш билан таъминланган. Бу эса оила учун барқарор ижтимоий таянч яратди.
Пресс-тур иштирокчилари ижтимоий хизматлар кўрсатилган Шахризод Шокировнинг хонадонида ҳам бўлди. У расм чизишга қизиқади, орзуси архитектор бўлиш. “Инсон” маркази томонидан тақдим этилган электрон аравача эса унинг ҳаётини ўзгартирган.
– Олдин машғулотларга фақат дадам ёки уларнинг дўстлари билан бора олардим. Энди эса ўзим мустақил бориб кела оламан. Бу мен учун катта эркинлик. Келажакда мен каби ногиронлиги бўлганлар учун замонавий, қулай бинолар лойиҳалаштирмоқчиман, – дейди Шахризод.
[gallery-23775]
Иштирокчилар Бухоро санаторийсида кексалар, ногиронлиги бўлганлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун яратилган қулайликлар билан танишди. Физиотерапия, психологик тикланиш, маданий ҳордиқ ва соғломлаштириш хоналари билан жиҳозланган замонавий санаторий иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.
Ижтимоий ҳимоя соҳаси – жамиятнинг эътибор ва қўлловга муҳтож қатламларига бевосита хизмат қилувчи шарафли ва масъулиятли йўналишдир. Ягона мақсад – ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/RuUFNc2vDBQ?si=NTfNDpNu-8LtC9oL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.