“Бедор ота” зиёратгоҳи янада кўркам қиёфа касб этмоқда
Учқудуқ туманида жойлашган “Бедор ота” зиёратгоҳида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шимолий кон бошқармаси директорининг ташаббуси билан ушбу табаррук масканда умумхалқ ҳашари ташкил этилди. Ҳашар доирасида корхонанинг жонкуяр ишчи-ходимлари бир ёқадан бош чиқариб, эзгу ишга муносиб ҳисса қўшишди.
Эрта тонгдан бошланган ободонлаштириш тадбирида зиёратгоҳ ҳудуди бегона ўтлар, шох-шаббалар ва чиқиндилардан тозаланди. Йўлаклар тартибга келтирилди. Зиёратчилар, айниқса, нуроний отахон ва онахонлар учун хавфсиз ҳамда қулай шарт-шароитлар яратилди.

Бошқарманинг Таъмирлаш-механика цехи ҳамда Кон жиҳозларини таъмирлаш цехининг малакали мутахассислари томонидан зиёратгоҳга олиб чиқувчи нотекис ва қия йўлларга махсус металл кўприклар ясалиб, мустаҳкам тарзда ўрнатилди.
Ўз ишининг устаси бўлган чилангар ва пайвандчиларнинг маҳорати билан бунёд этилган ушбу кўприклар нафақат пухта ва хавфсизлиги, балки маскан ландшафтига мос тушгани билан ҳам аҳамиятлидир. Эндиликда ушбу табаррук жойга ташриф буюрувчи маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар зиёратгоҳга ҳеч қандай қийинчиликсиз, бемалол чиқиб-тушиш имкониятига эга бўлишди.
Аждодлар хотирасини эъзозлаш, муқаддас қадамжолар ва тарихий зиёратгоҳларни обод сақлаш нафақат маънавий бурч, балки келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятдир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири