Ижро назоратида рақамли ёндашув
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари мутахассислари учун ижро назорати ва электрон ҳужжат айланишини самарали ташкил этишга қаратилган ўқув-семинар ўтказилди.
Бугунги кунда давлат ташкилотларида ҳужжатларни электрон шаклда қабул қилиш, уларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш ва топшириқлар бажарилишини назорат қилиш иш жараёнининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу жараёнда EDO.IJRO.UZ — ижро назорати идоралараро электрон ҳужжат айланиш тизимидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари мутахассислари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда EDO.IJRO.UZ тизими орқали келиб тушаётган топшириқ ва ҳужжатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, масъул ижрочиларга етказиш, ижро муддатларини белгилаш ва назорат қилиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди Шунингдек, топшириқларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш, ижро натижаларини тизимга ўз вақтида киритиш, электрон ҳужжатлар билан ишлашда юзага келаётган амалий масалаларни ҳал этишга эътибор қаратилди.
Семинар давомида иштирокчилар тизимдан фойдаланиш жараёнида дуч келаётган саволларига жавоб олишди. Электрон ҳужжат айланишида ижро интизомига риоя қилиш, ҳар бир топшириқ бўйича масъул ижрочи ва муддатни аниқ белгилаш, бажарилган ишлар натижаларини тизимда ўз вақтида акс эттириш юзасидан тавсиялар берилди.

— Бугунги кунда ижро интизоми ва топшириқларни белгиланган муддатларда сифатли бажариш ҳар бир ходимдан масъулият ва тизимли ёндашувни талаб этади. Ўқув-семинарда EDO.IJRO.UZ тизими орқали ҳужжатларни қабул қилиш, ижрочиларга етказиш, ижро муддатларини назорат қилиш ҳамда бажарилган ишлар натижаларини электрон тизимда акс эттириш бўйича амалий тушунтиришлар олдик.

Айниқса, тизим билан ишлашда учрайдиган амалий масалаларга эътибор қаратилгани биз учун фойдали бўлди. Олган билим ва кўникмаларимиз кундалик фаолиятимизда топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш, вақтдан унумли фойдаланиш ва ижро интизомини янада мустаҳкамлашда қўл келади, — дейди Боёвут тумани Ёшлар ишлари бўлими мутахассиси Адҳамжон Сувонқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири