Ижодкорлар ёшларга маърифат улашди
“Янги Ўзбекистон” университети ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Юқори Чирчиқ туманидаги умумтаълим мактабларида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида адиблар билан учрашувлар ташкил этилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, “Саодат” журнали муҳаррири Мунаввара Усмонова, шоира Қутлибека Раҳимбоева қатнашди. Ижодкорларнинг дастлабки манзили ҳудуддаги 3-умумтаълим мактаби бўлди. Тадбирда ёшлар, адабиёт ўқитувчилар ижодкорларнинг суҳбатлари ва шеърларидан баҳраманд бўлди.
[gallery-20710]
Тадбирда ёшлар ўзларининг бадиий чиқишлари билан барчани хушнуд қилди. Ёшлик, Ватан ва дўстликни тараннум этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар эса завқ улашди. Учрашувда шоиралар сўзга чиқиб, ёшларга адабиёт, ижод эркинлиги, давлатимиз томонидан санъат ва маданият соҳаларида яратилган шароитлар ҳақида сўз юритди.
Ижодкорларнинг навбатдаги учрашувлари 4- ва 5- умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан бўлди. Унда тадбир қатнашчилари ёшларни кўпроқ бадиий китоблар ўқиш ва илм олишга ундади. Адабиётнинг ёшлар маънавиятини ошириш, келажакда комил инсон бўлишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
– Бу каби элимиз ардоғидаги ижод вакиллари билан учрашувлар кўп ташкил этилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи Эркин Шаробов. – Муҳими, ёшларимиз улар билан яқиндан танишиб, уларга ўзлари ёзган шеърлар, ҳикояларини ҳам кўрсатмоқда. Бундан ташқари, “Маърифат карвони” маданий тарғибот тадбирлари доирасида жойлардаги таълим даргоҳларининг кутубхоналарига адабий-бадиий китоблар тарқатилмоқда. Хусусан, биргина Қуйи Чирчиқ тумани ёшлари учун 500 дан зиёд туркум китоблар совға қилинди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.