Ижодий мулоқот
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Zoom платформаси орқали Покистон Ислом Республикаси делегацияси иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида маданият, кинематография, медиа ва креатив индустриялар соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Покистон Ислом Республикасининг Ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири Атоулла Тарар, Электрон медиа ва нашрлар дирекцияси бош директори Муҳаммад Салим ҳамда Ташқи тарғибот бошқармаси бош директори Раиса Одил иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов, Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев ҳамда Театр ва цирк фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Фарҳод Элмуродов қатнашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар, икки халқни боғлаб турган тарихий, маданий ва маънавий ришталар алоҳида таъкидланди. Томонлар маданият, кино, медиа, жамоатчилик билан алоқалар ҳамда креатив индустриялар йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Учрашувда кинематография соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони кино санъатини халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамловчи ва маданий дипломатияни ривожлантирувчи самарали восита сифатида баҳолаб, қўшма кино лойиҳаларини амалга ошириш, киноижодкорлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда икки мамлакатнинг соҳавий ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Н.Усмонова,
ЎзА