Илмий даража олиш осонлашадими ёки талаблар кучаядими? (+видео)
Бугун илм-фан давлат тараққиётининг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Шу боис жорий йил 26 майда қабул қилинган “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида ”ги Президент фармони илм аҳли томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Мазкур ҳужжат қандай ўзгаришларни назарда тутмоқда? Ёш олимлар учун қандай имкониятлар яратилмоқда? Илмий даража беришда қандай янги талаблар жорий этилади?
Фанлар академияси вице-президенти Сирожиддин Мирзаев суҳбат давомида ушбу саволларга жавоб берди.
— Сирожиддин ака, мазкур фармон қабул қилинишига қандай зарурат бор эди?
— Бугунги кунда мамлакат тараққиёти учун янги билимлар, инновацион технологиялар ва амалий ечимлар зарур. Бу вазифаларни эса замонавий билим ва кўникмаларга эга, жамият ҳамда иқтисодиёт олдидаги муаммоларни илм орқали ҳал қилишга қодир янги авлод олимлари бажаради.
Шу нуқтаи назардан мазкур Фармон маъмурий ўзгаришлар ҳақида эмас, балки докторлик таълими, диссертация ҳимояси, аттестация тизими ва илм натижаларини иқтисодиёт билан боғлашни назарда тутувчи комплекс ислоҳотлар дастуридир.
— Фармоннинг энг муҳим жиҳатлари нималардан иборат?
— Энг аввало, давлат учун устувор бўлган илмий йўналишлар белгилаб берилди. Улар орасида сунъий интеллект, рақамлаштириш, робототехника, озиқ-овқат ва сейсмик хавфсизлик, аграр соҳадаги илғор тадқиқотлар каби йўналишлар бор.
Бу ёш олимларга қайси соҳалар мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Шунингдек, давлат инвестициялари ҳам асосан шу йўналишларга йўналтирилади.
Яна бир муҳим янгилик — докторлик квоталарининг 60 фоизи айнан устувор йўналишларга ажратилади.
— Докторантлар учун қандай рағбатлар кўзда тутилган?
— Илмий фаолият билан шуғулланиш нафақат билим, балки молиявий имкониятларни ҳам талаб қилади. Шу боис устувор йўналишларда тадқиқот олиб бораётган докторантларнинг стипендиялари 1,7 баробарга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир докторант стипендиясининг қўшимча 30 фоизи унинг тадқиқоти олиб борилаётган муассасага ажратилади.
Чунки илмий иш фақат қоғозда ёзилмайди. Лаборатория тадқиқотлари, тажрибалар, дала синовлари ва замонавий жиҳозлар талаб этилади. Янги тартиб ана шу эҳтиёжларни молиялаштиришга хизмат қилади.
— Аттестация ва ҳимоя жараёнларида қандай енгилликлар бўлади?
— Илгари диссертация ҳимояси учун кўплаб қоғозбозлик ишлари мавжуд эди. Авторефератни босмахонада чоп этиш, турли ташкилотларга юбориш, хулосалар йиғиш каби жараёнлар вақт ва маблағ талаб қиларди.
Энди мазкур жараёнларнинг аксарияти рақамлаштирилади. Ҳужжатларни топшириш, экспертиза қилиш ва кузатиб бориш ишлари электрон тизим орқали амалга оширилади.
Бу нафақат шаффофликни оширади, балки инсон омили ва бюрократияни ҳам кескин қисқартиради.
— Илмий даража олиш осонлашадими ёки талаблар кучаядими?
— Бу ерда муҳим жиҳатни тўғри тушуниш керак. Илмий ишнинг сифатига қўйиладиган талаблар пасаймайди. Аксинча, ортиқча бюрократик босқичлар қисқартирилади.
Масалан, илмий мавзуни Олий аттестация комиссиясида тасдиқлатиш тартиби бекор қилинмоқда. Илмий кенгаш қарорларини қўшимча тасдиқлаш босқичлари ҳам қисқартирилади.
Бироқ бу билан бирга илмий кенгашларнинг масъулияти ортади. Диссертациянинг ҳаққонийлиги, плагиат ҳолатлари ва сифати учун энди бевосита илмий кенгашлар жавоб беради.
— Илмий даража беришда энди мақолалар сонига эмас, натижага кўпроқ эътибор бериладими?
— Бу масала соҳаларга қараб баҳоланади. Масалан, фундаментал фанларда тадқиқот натижалари баъзан 10–20 йилдан кейин амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Шунинг учун бу йўналишларда асосий мезон сифатида нуфузли халқаро журналларда чоп этилган мақолалар ҳисобга олинади.
Бироқ амалиётга йўналтирилган тадқиқотларда бошқа ёндашув қўлланилади. Агар олим янги технология, қурилма ёки ишлаб чиқариш учун зарур ечим яратган бўлса, унинг амалиётга жорий этилиши, патентлангани ва иқтисодиётга фойда келтиргани муҳим аҳамият касб этади.
Илмий этика талабларига жавоб бермайдиган, пул эвазига мақола чоп этадиган журналлар энди тан олинмайди.
Бу журналлар аввал ҳам Фанлар академияси тизимида қора рўйхатга киритилган эди. Янги тартибда ҳам бундай нашрларда чоп этилган мақолалар илмий натижа сифатида қабул қилинмайди.
Бу илм-фан сифати ва халқаро нуфузини ошириш учун муҳим қадам ҳисобланади.
— Илмий раҳбарлар фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлади?
— Илгариги тизимда баъзи олимлар кўп сонли докторантларни қабул қилар, аммо уларнинг тақдири билан етарли даражада шуғулланмасди. Янги тизимда эса сон эмас, сифат муҳим бўлади.
Илмий раҳбар фақат шогирди диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилган тақдирдагина рағбатлантирилади. Бундан ташқари, илмий раҳбарнинг халқаро илмий кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади. Бу эса олимларни ўз устида ишлашга ва юқори даражадаги тадқиқотлар олиб боришга ундайди.
— Докторантурага қабул қилиш тартибида қандай янгиликлар бор?
— Энг катта ўзгаришлардан бири — энди талабгорлар фақат мавзу эмас, балки тўлиқ илмий лойиҳа тақдим этади.
Яъни тадқиқотчи қандай муаммони ҳал қилмоқчи, унинг натижаси кимга керак ва тадқиқот нима билан якунланиши режалаштирилгани ҳақида тақдимот ўтказади.
Бу ёндашув ёдланган жавоблардан кўра, амалий фикрлаш ва аниқ мақсадга йўналтирилган тадқиқотларни рағбатлантиради.
— Аттестация жараёнининг шаффофлиги қандай таъминланади?
— 2027 йилдан бошлаб аттестация жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади. Ҳужжатларнинг ҳаракати, экспертиза босқичлари ва қарорларни онлайн кузатиш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, Олий аттестация комиссияси президиуми таркибини мунтазам янгилаб бориш механизми жорий этилмоқда. Бу ҳам адолат ва холисликни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур фармоннинг асосий мақсади — кўп сонли, аммо натижаси кам тадқиқотлар эмас, балки жамият ва иқтисодиёт учун амалий аҳамиятга эга бўлган сифатли илмий ишлар сонини оширишдир. Бу эса янги авлод олимларини тарбиялаш ва мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W73owN9t0b4" title="Ilmiy daraja olish osonlashadimi yoki talablar kuchayadimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, Н.Абдувоитов(видео),
А.Аҳмедов(монтаж), ЎзА