Ижодий имтиҳонлар адолатли, шаффоф ўтмоқда
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетда Спорт фаолиятининг 40 та спорт таълими йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Имтиҳонлар Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, “Сув спорти турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби” тасарруфидаги эшкак эшиш базаси, Пахтакор стадиони, Теннис олимпия академияси, “Ҳумо Аренаси” ва “ICE CITY” муз мажмуаларида ҳамда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри спортчилар кўчаси 19 уйда жойлашган университетнинг спорт заллари ва майдонларида ташкил этилмоқда.



Касбий (ижодий) имтиҳонлар танланган спорт таълими йўналиши бўйича 2023 йил 24-31 июль кунлари бўлиб ўтади. Президентимизнинг 2022 йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиалларига “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишига камида иккинчи спорт разрядига эга бўлган, “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислигига эса камида Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разрядига эга бўлган абитуриентлар қабул қилинмоқда.


Таъкидлаш лозимки, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ ва унинг филиалларида ҳамда бошқа олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларига ҳужжат топширган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвонига эга бўлган спортчилар, Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер спорт унвонига эга бўлган спортчилар, Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвонига эга бўлган спортчилар, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топширишдан озод қилиниб, уларга максимал балл қўйиб берилмоқда.



Шунингдек, инсон омилини кескин камайтириш, имтиҳонларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида рақамлаштириш тизими жорий этилган. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган барча спорт мажмуалари видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Шу билан бирга абитуриентларнинг ота-оналари жараёнларни университет ҳовлисига ўрнатилган мониторлар орқали кузатиб бормоқда.
А.Мусаев, ЎзА