Ижод мактаби қизларининг илк китоблари нашрдан чиқди
Яқиндагина юртимиз мустақиллигининг 30 йиллигини кенг миқёсда нишонладик, «Билимлар куни»ни қувонч билан кутиб олдик. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида бу байрамларга яна бир байрам уланиб кетди. Ижод мактабининг беш нафар ижодкор қизларининг илк китоблари — кўнгил изҳорлари нашрдан чиқди.
Шу муносабат билан ижод мактабида ташкил этилган тақдимот маросимида сўзга чиққан мактаб директори, шоир Муҳаммад Исмоил: «Ёшларга бўлган эътибор бугунги кунда энг юқори даражага кўтарилди, сиз ёш ижодкорлар бунга «лаббай» деб жавоб беришингиз зарур», дея уқтирди.
Китоблари тақдимоти ўтказилаётган ижодкор ўқувчилар ҳам тадбирда сўз олиб, бугунги кун улар учун унутилмас кун бўлиб қолажагини алоҳида айтишди.
Айниқса, ижодкор ўқувчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, таниқли шоир Сирожиддин Саййид томонидан оқ йўл тиланди.

7-синф ўқувчиси Зулҳаё Мингбоеванинг биринчи китоби «Кўклам қўшиғи», 10-синф ўқувчиси Дилафруз Ғофурованинг китоби «Қуёш ишқи», Цитора Наимжонованинг китоби «Кулчамнинг кулгичи» деб ном олган. Шунингдек, Насиба Бошмонованинг китоби «Кўнгилдан дастхат», Муштарий Тошпўлатованинг китоби эса «Меҳр гуллари» дея аталган. Шу номларнинг ўзиёқ китобларнинг нақадар самимий, болаларча беғубор туйғуларга бой эканлигини исботлаб турибди.
Ҳалима Худойбердиева каби атоқли шоирага муносиб издош бўлишга ҳаракат қилаётган қизларнинг адабиётга илк қадамлари қутлуғ бўлсин.
Хурсандой Сотволдиева,
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси