Ижод, изланиш, тафаккур майдони
Бугун тасвирий ва амалий санъат соҳасида изланаётган ёшларнинг ўй-хаёли нималар билан банд? Уларнинг юртимиз миллий тасвирий санъатида тутган ўрни қандай? Ўзбекистонда нафис санъатга кўрсатилаётган эътибор амалда қандай самара ва натижа бермоқда?
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилаётган Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали ана шундай саволларга жавоб қайтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур йирик ижодий ҳафталикнинг бу йилги ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов, фестиваль директори Орзиқул Рўзиев мазкур ижодий лойиҳанинг бўлғуси тафсилотлари ҳақида атрофлича гапирдилар.

Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган фестиваль “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилиши билан эътиборга моликдир.
Бу йилги фестивалда ёшларнинг истеъдодини аниқлаш билан бирга Бадиий академиянинг ҳудудий бўлимлари тасарруфида ижод қилаётган мўйқалам соҳибалари, қўли гул усталар ижодини кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Фестиваль тадбирлари Марказий кўргазмалар зали ва унга туташ ҳудудлар, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи каби масканларда бўлиб ўтади. Шу билан бирга, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ҳам қизиқарли кўргазмаларни мухлисларга тақдим этади.
Матбуот анжуманида мазкур фестиваль билан бирга Бадиий академия фаолияти, хорижда ижод қилаётган мўйқалам соҳибалари, тадбир иштирокчилари ишларини баҳолаш ва бошқа мавзуларга оид саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА