Ижод аҳлининг мустаҳкам адабий ҳамкорлиги
Кейинги йилларда ижодий ташкилотларнинг халқаро алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хориждаги шу каби бир қатор адабий-маърифий ташкилотлар билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйгани эътиборга моликдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раис ўринбосари Акбар Абдулло меҳмон бўлди. Мулоқотда Ўзбекистон ва Тожикистон ёзувчилари ижодий ташкилотларининг ҳамкорлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзбек ва тожик адабиёти ўртасидаги дўстлик ришталари азалдан давом этиб келаётганини таъкидлади. Қардош тожик ижодкорлари билан ҳамкорликда ўзаро таржималар айирбошлаш билан биргаликда адабий мулоқотлар ва дўстлик тадбирлари алоҳида ўрин тутаётгани эътиборга моликдир.

Акбар Абдулло тожикистонлик ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ижоди ҳақида тўхталиб ўтаркан, шу йили бир неча ўзбек шоири Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига аъзоликка қабул қилинганини қайд этди.
Айтиш керакки, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқида ўзбек адабиёти шўъбаси фаолият олиб бормоқда. Унга Сулаймон Эрматов раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида эса тожик адабиёти шўъбаси ташкил этилган бўлиб, уни шоир Паймон бошқаради.
“Адабиёт” нашриётида “Замонавий тожик шеърияти антологияси” нашрдан чиқиш арафасида турибди. Китобдаги шеърлар шоир Одил Икром томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.
Акбар Абдулло Мирзо Турсунзода номли адабий мукофот совриндори ҳисобланади. У олтита шеърий китоблар муаллифи, адабий таржима соҳасида ҳам самарали фаолият олиб боради. 2021 йили рус шеъриятидан қилган қатор таржималари учун Лев Толстой номидаги медаль билан тақдирланган.

Учрашув давомида ўзаро ҳамкорликка оид истиқболдаги режалар муҳокама этилди.
ЎзА