Ижод аҳлининг эзгу ва хайрли ишлари
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик, халқимиз маънавияти ва тафаккурини юксалтириш, юртдошларимиз ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш жараёнларида ижод аҳли, хусусан, ёзувчи ҳамда шоирлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар ўз асарлари, ижодий ишлари билан халқимизни бунёдкорлик, эзгу ва хайрли ишларга илҳомлантирмоқда, сафарбар этмоқда. Бу борада андижонлик ижодкорларнинг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг самарали фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринли.
Уюшма вилоят бўлими томонидан ижод аҳлини, айниқса, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди. Шу боис ҳам якунланган 2022 йил андижонлик ёзувчи ва шоирлар учун муваффақиятли йиллардан бири бўлди.
– Якунланган йилда ижодкорларимиз, хусусан, уюшмамиз аъзолари баракали ижод қилди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси Хуршида Ваҳобжон қизи. – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмоннинг “Тунда чопган оқ тулпор”, шоира Замира Рўзиеванинг “Васфингда Андижоним” номли китоблари нашр этилди. Бундан ташқари, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг “Ёшлик баёзи” тўплами, кекса ижодкор Музаффархон Маматхоновнинг “Айтарим бордир менинг”, ёш ижодкор Мавлуда Азимованинг “Баҳор васли” номли китоблари ҳам китобхонларга тақдим этилди.
Умуман кейинги йилларда уюшма аъзолари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек Кенжанинг “Бобурийлардан бири”, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмоннинг “Хонлар тарихи”, “Иблиснинг қайтиши”, “Коронавирус қичқириғи”, Ҳанифа Солиҳованинг “Самовий ҳарорат”, “Шуҳрат” медали соҳиби Замира Рўзиеванинг “Зийнатбоғ”, Мунаввара Тиллабоеванинг “Ҳур Ватан фарзандиман”, Абдумутал Абдуллаевнинг “Уч дона лола”, Омина Тожибоеванинг 7-томли “Сайланма” китоблари чоп этилди. Ҳабиб Сиддиқнинг “Нимкоса” номли асари эса қирғиз тилига таржима қилиниб, Қирғизистонда китоб ҳолида нашр қилинди.
[gallery-10203]
Шунингдек, миллий қадриятларимизни улуғлаш, меҳр-оқибат, эзгулик, бунёдкорлик ҳамда юксак инсоний туйғулар тараннум этилган Асадулла Мирзаакбаровнинг “Оқибатли одамлар”, “Васваса”, “Ўша ўшаман”, Икромжон Аслийнинг “Маҳобатли ишқ”, “Сатpларда ҳаётим”, Ҳилола Мамажонованинг “Чарос”, Шукрулло Неъматовнинг “Орангизда онам бўлсайди”, Аваз Абдусаломнинг “Садоқат”, Қудратилла Ҳакимовнинг “Ҳазрати инсон”, Умида Эгамбердиеванинг “Муқаддима”, Нишонбой Болтабоевнинг “Қалб туғёнлари”, Жалақудуқ тумани ёш ижодкорларининг “Янги Ўзбекистон ниҳоллари”, Холида Ҳасанованинг "Томчилар", Гулуруxсор Умматованинг “Бахт чизгилари”, Акмал Абдураҳмоновнинг “Соҳир шеърият”, Неъматжон Мамажоновнинг “Онамнинг рўмоли” номли китоблари ҳам китобхонлар, кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.
Андижонлик ижодкорлар турли танловларда ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Аёлга эҳтиром” танловида Замира Рўзиева фахрли учинчи ўринга сазовор бўлган бўлса, “Йил аёли” Республика миллий танловининг вилоят босқичида Хуршида Ваҳобжон қизи “Йилнинг энг фаол ижодкор аёли” деб эътироф этилди. Бундан ташқари, ёш ижодкор Ирода Орифжонова Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Ижодий-маданий масалалар бўйича йилнинг энг фаол тарғиботчиси” республика танловининг “Йилнинг ёш тарғиботчиси” номинацияси ғолибаси бўлди.
Ижодкорларнинг самарали фаолияти эътироф этилиб, бир гуруҳ ижодкорлар давлатимизнинг турли мукофотларига муносиб кўрилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов "Маънавият фидойиси" кўкрак нишони, Замира Рўзиева халқаро Бобур мукофоти, Одил Абдураҳмон 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, шунингдек, ёш ижодкорлар Шаҳло Ҳамидова ва Сардор Сирожиддин "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
– Ижодим, олиб бораётган ишларим эътироф этилиб, "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди ёш ижодкор Сардор Сирожиддин. – Бундай эътироф, эътибор, айниқса, мен каби ёш ижодкорларга илҳом, куч ва шижоат бағишлайди. Ишда, ижодда янада фаол бўлишга ундайди.
Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида кўплаб адабий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шу тадбирларда китоб ўқиш, китобхонлик масалалари кенг тарғиб этилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларга китобнинг, адабиётнинг инсон ҳаёти ва камолотидаги ўрни ва аҳамияти хусусида кенг маълумотлар берилмоқда.
Айни кунда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Бобур издошлари”, шоир Нусрат Абдусалом раҳбарлигидаги “Ёғду” аруз мактаби, ижодкор Ғани Мажид раҳбарлигидаги “Ниҳол”, Рўзихон Иминов раҳбарлигидаги “Уммон” сингари адабий тўгараклар фаолияти ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ижодий билим ва салоҳиятини юксалтириш, айниқса, ёш ижодкорларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибордан руҳланган андижонлик ижодкорлар жорий “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ҳам янада самарали ижод килишни, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол иштирок этишни мақсад қилишган.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (фото),ЎзА