Ижара шартномалар орқали ҳисобланган солиқлар миқдори маълум қилинди
Иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ижара бозорида ҳам ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари ижара муносабатларини расмийлаштириш кўлами кенгайиб, давлат бюджетига тушумлар сезиларли даражада ошганини кўрсатди. Айниқса, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ижара шартномаларини қонуний асосда расмийлаштиришга бўлган қизиқишнинг ортиши соҳада шаффофлик ва солиқ интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатимизда ижара муносабатларини расмийлаштириш кўлами янада кенгайди. Солиқ органлари ҳисобидаги ижара шартномалари сони 580,3 мингтадан ошиб, мазкур шартномалар асосида давлат бюджетига 634,8 миллиард сўм солиқ ҳисобланди. Бу эса ижара бозорини қонунийлаштириш, соҳада шаффофликни таъминлаш ва солиқ интизомини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, жисмоний шахслар ўртасида 403,4 мингта ижара шартномаси тузилган бўлиб, улар бўйича 491 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижара шартномалари сони 17,7 фоизга, ҳисобланган даромад солиғи суммаси эса 29,1 фоизга ошган. Бу аҳолининг ижара муносабатларини расмий тарзда расмийлаштиришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини англатади.
Юридик шахслар иштирокида тузилган ижара шартномалари ҳам ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда. Ҳисобот даврида улар ўртасида 176,8 мингта ижара шартномаси рўйхатга олиниб, 143,8 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Ўтган йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан шартномалар сони 18,9 фоизга, ҳисобланган солиқ суммаси эса 16 фоизга кўпайган.
Талабаларни турар жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида амал қилаётган солиқ имтиёзлари ҳам ўз самарасини бермоқда. Қонунчиликка мувофиқ, уй-жойни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлар солиқдан озод қилинган. Жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур имтиёз доирасида жисмоний шахсларга 50,7 миллиард сўмлик даромад солиғи бўйича енгиллик тақдим этилди.
Шунингдек, талабалар билан 82,4 мингдан ортиқ турар жой ижара шартномаси тузилган бўлиб, ижарада истиқомат қилаётган талабалар сони 111 минг 964 нафарга етди.
Қайд этилишича, ижара муносабатларининг расмийлаштирилиши нафақат бюджет тушумларининг ортишига, балки ижара берувчи ва ижарага олувчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, соҳада шаффофликни таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА