Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун байрам совғаси
Болажонларимиз интиқиб кутаётган Янги йил байрами арафасида Жиззах вилоятининг Дўстлик шаҳарчасида туман ихтисослаштирилган мактаби бинси фойдаланишга топширилди.
Унда вилоят, туман ҳокимликлари, секторлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ўқитувчи ва ўқувчилар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев ёшларни интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар бўлиб етишиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилган ихтисослаштирилган мактаблар бунинг ёрқин мисоли эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йил Жиззах вилоятида ўнта Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ва 2 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари барча қулайликлар яратилган ихтисослашган мактаб биносига таклиф этилди. 2 қаватли ушбу таълим муассасаси энг сўнги андозалар асосида бунёд этилган ва янги инновацион технологиялар билан жиҳозланган.
[gallery-10119]
Дўстлик туман ихтисослаштирилган мактаби 2022 йилнинг 5 сентябридан ўз фаолиятини бошлаб, мактабда жами 19 та синф ташкил этилган ва 5 таси табиий фанларга, 14 таси аниқ фанларга ихтисослаштирилган. Ҳозирда мактабда 430 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчиларга 35 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчи-муаллимларнинг 9 нафари олий, 15 нафари биринчи, 8 нафари иккинчи тоифали ва 3 нафари мутахассис ўқитувчилардир.
– Объектнинг фойдаланишга топширилгани, ўқувчи ва ўқитувчилар учун ажойиб байрам совғаси бўлди, – дейди ихтисослаштирилган мактаб директори Шоҳрух Ваққосов. – Мактаб фаолият бошлаганига қисқа муддат бўлган бўлса-да, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари турли танлов ва тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда Жиззах вилояти ихтисослаштирилган мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган Ал-Хоразмий олимпиадасининг саралаш босқичида мактабимиз 8-синф ўқувчиси Шарофиддин Ҳамидов физика фанидан 1-ўринни эгаллади. 11- синф ўқувчиси Хумоюн Мамасобиров туманда ўтказилган “Ёш китобхон” кўрик-танловининг 15-19 ёш тоифасида 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олди. Яна бир ўқувчимиз Ҳаёт Абдуқодиров инглиз тилидан 7 баллик IELTS халқаро сертификатини, 8-синф ўқувчиси Ҳуснида Худойқулова рус тили фанидан “ТРКИ-В2” миллий сертификатини қўлга киритганидан фахрланамиз. Таълим муассасамизнинг барча синф ўқувчилари ва фан ўқитувчилари ўртасида мунтазам “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказиляпти. Мактабда ихтисослашган фанлардан тўгараклар ташкил этилган.
Мактабнинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари бўлиб, бу ердаги таълим-тарбия, маънавий-маърифий жараён юзасидан маълумотлар бериб борилмоқда.
Ушбу таълим муассасасида янги баҳолаш тизими жорий этилган бўлиб, Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ҳар чорак якунида “сумматив баҳолаш” синовлари ташкил этилмоқда.
Таълим сифатини ошириш мақсадида соҳадаги илғор тажрибалар, энг яхши таълим дастурлари, яратилган дарсликлар босқичма-босқич жорий этилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА