Ихтисослаштирилган кушхоналарда нималар ўзгаради?
Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 8 майдаги 386-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, энди парранда сўйиш корхоналарида қуйидаги бўлимлар бўлиши лозим:
паррандани сўйиш, парт қилиш, пар ва патлардан тозалаш ҳамда танани дастлабки ювиш бўлинмаси;
танани ички аъзолардан тозалаш ва иккиламчи ювиш бўлинмаси;
танани сувдан селгитиш ва совитиш бўлинмаси;
маҳсулотни тез музлатиш учун ўта паст ҳароратли музлаткич ва музлатилгандан кейин вақтинчалик сақлаш учун музлаткичли омборхона.
Паррандалар (товуқ, ўрдак, курка, бедана ва бошқа) юк ташиш контейнерларидан тўғридан-тўғри вақтинчалик сақлаш жойига туширилади. Бу жараён 40 дақиқа ичида механик тарзда ёки қўл ёрдамида амалга оширилиши лозим.
Сўйишга юборилаётган ҳайвонларнинг ҳар бир гуруҳи учун ветеринария мутахассиси томонидан тегишли ҳужжатлар ягона электрон маълумотлар базаси орқали расмийлаштирилади. Кушхона ветеринария мутахассиси ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганлигини ахборот тизими орқали текширади, ҳужжатларда кўрсатилган ҳайвонларнинг ҳақиқатда келтирилган ҳайвонларга мувофиқлигини ўрганади ва бошма-бош кўрикдан ўтказади.
Касал ёки тана ҳарорати кўтарилган ёки пасайган ҳайвонлар аниқланса, улар ажратилиб ташхис қўйилгунга қадар сўйилмайди.
Сўйилиб, реализацияга чиқарилаётган ҳайвон танаси бўлакларга бўлиниб, ахборот тизими орқали шакллантириладиган QR код ёрлиғи ёпиштирилади ҳамда гўшт ветеринария-санитария экспертизиясидан ўтказилганлиги тўғрисидаги тегишли тамға босилади.
Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналаридан сотиш учун чиқарилган гўшт маҳсулотлари 72 соатдан кейин қайта ветеринария-санитария экспертизиясидан ўтказилади ва яна белгиланган тартибда ахборот тизимига киритилади.
ЎзА