Ихтисослашган сифатли тиббий ёрдам – асосий мақсад
Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази 365 ўринли бўлиб, бу ерда 750 дан зиёд ходим фаолият олиб боради.
Марказ бош врачи Одилжон Умаровнинг айтишича, аҳолига кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида муассаса моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, беморлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда бўлимларни замонавий лойиҳалар асосида таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023-2024 йиллар давомида марказнинг пульмонология, отоларингология, неврология, кардиология, реабилитация, клиник лаборатория бўлимлари, шунингдек, кўп тармоқли марказий консультатив поликлиникаси таъмирдан чиқарилди.
[gallery-18659]
Тиббиёт маркази учун 17 та турдаги тиббий аппаратура ҳамда энг зарур асбоб-ускуналар сотиб олинди. Тиббий хизмат сифатини такомиллаштириш, амалиётга юқори технологияларни жалб этиш билан бирга раҳбарият ташаббуси асосида хорижий давлатларда магистратура курсларини тамомлаган, илмий даражага эга бўлган ёш иқтидорли кадрларни танлаш ва уларни ўз ўрнига қўйишга ҳам жиддий ёндашилмоқда. Қисқа муддат ичида бу мутахассисларга беморларни қатновлари сезиларли даражада ошиб боряпти.
Бундан ташқари ушбу марказда Фарғона жамоат саломатлик институтининг клиник кафедралари ўқув базаларини ташкил этиш учун 11 та ўқув хонаси ва 1 та конференция зали ажратиб берилди. Институт ходимлари даволаш ишларида иштирок этиши, талабаларга амалий машғулот ўтишларига шароит яратиб берилиши билан биргаликда марказ врачлари томонидан 3 та йўналиш (хирургия, травматология, клиник лаборатория) бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. Институт профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорлик беморларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишда юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА