Ихчам иссиқхоналар фаровон, тўкин турмуш манбаи
Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда кенг жорий этилаётган “Сайхунобод” тажрибаси уй хўжаликларидаги имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш учун қулай муҳит яратди.
Бу жараёнда томорқа, ер эгаларининг бозор топишига кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, маҳсулотини экспорт қилишга амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотлар бошланди.

Мамлакатимизда оммалашаётган “Сайхунобод” тажрибаси Сурхондарё вилоятида ҳам томорқалардан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад топишда ўз самараларини бермоқда.
Воҳанинг Шўрчи туманидаги 37 минг хонадонга 3 минг 753 гектар ер майдони томорқа сифатида берилган. Мўъжазгина томорқаларнинг аксариятида мева-сабзавот парваришланса-да, айримлари фақат оиланинг чорва моллари учун ем-хашак етиштириладиган майдонга айланиб қолган эди. Сўнгги йилларда томорқа, ер эгаларига кўрсатилаётган эътибор бу ерлардан унумли фойдаланишнинг самараларини кенг намоён этди. Томорқасида чорва учун ем-хашак етиштирадиган одамлар ҳам иссиқхона барпо этиб, турли озиқ-овқат маҳсулотлари парваришласа кўпроқ даромад олишига кўзи етди. Ихчам иссиқхоналарда нафақат помидор, бодринг, булғор қалампири ёки бошқа сабзавот маҳсулотлари, балки турли цитрус мевалар парваришлашга қизиқиш ошди.

Тумандаги Олатемир маҳалласида 700 дан ортиқ хонадон мавжуд. Уларнинг 40 га яқинида иссиқхона қуриб, қўшимча даромад олаётган оилалар турмуши фаровонлашиб бормоқда. Лимон, мандарин парваришлаб, яхшигина даромад топишмоқда.
— Томорқамизнинг ўн сотихига иссиқхона қуриб, лимон ва мандарин етиштиряпмиз, – дейди шу маҳаллада яшайдиган Шуҳрат Дўстбеков. ¬Ҳозир барча кўчатларимиз тўлиқ ҳосилга кирган. Йилига 20-25 тонна ҳосил оляпмиз. Бундан ташқари, чорвачиликни йўлга қўйдик. Очиқ майдонда сабзавот етиштириш билан шуғулланамиз. Фарзандларимиз билан ҳалол меҳнат қилиб, шунга яраша яхшигина даромад ҳам топамиз. Янги уй-жойлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз, машина миняпмиз. Буларнинг барчасига қишин-ёзин томорқамиздаги меҳнатимиз ортидан эришяпмиз.

Шўрчилик томорқа эгалари цитрус мевалар етиштиришнинг ҳадисини олди. Иссиқхоналарда манго, банан каби ўсимликларни парваришлаб, улардан салмоқли ҳосил олаётган оилалар бор. Лимон ва мандариннинг эса кўплаб турлари етиштирилмоқда. Аёллар бандлиги таъминланаётир.
Тамшуш маҳалласидан Зифну Султонова томорқасининг ўн сотихида иссиқхона ташкил этиб, бир мавсумда лимондан икки тоннагача ҳосил олмоқда.

– Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан имтиёзли кредит олиб, ташкил этган иссиқхонамизга лимон кўчатларини эккан эдик, – дейди Зифну Султонова. – Ҳосилга кирган лимон меваларини сотиб, яхшигина даромад олдик.
Шу маҳаллада яшайдиган Гулдаста Раҳимова ҳам имтиёзли кредит ҳисобидан барпо этган иссиқхонасида лимон кўчатларини меҳр билан парвариш қилмоқда.

Томорқачилик Шўрчида мўмай даромад манбаига айланиб бормоқда. Унда астойдил меҳнат қилиб, унумли фойдаланаётган оилаларнинг рўзғори тўкин, хонадони обод бўлаётир. Ҳудудларнинг деҳқончиликда ўз йўналишлари пайдо бўлмоқда. Қайсидир маҳаллада боғдорчилик ривожланаётган бўлса, бошқа бирида сабзавот ёки полиз маҳсулотлари етиштирилаётир. Жумладан, Кушон маҳалласида анвойи гул етиштиришда етарли тажриба тўплаётган оилалар сафи кенгаймоқда. Гулсара Эшимова томорқасининг 3,5 сотихида 15 турдаги гулларни парваришлаб, қишин-ёзин мижозларига етказиб бераётир.

– Иссиқхонада гул етиштиришнинг ҳам ўз завқи бор, – дейди Гулсара Эшимова. – Оиламиз билан томорқамиздаги иссиқхонада ўсаётган гулларни меҳр билан парвариш қиляпмиз. Биласизми, гул нозик, нафис ўсимлик. У ҳам сўзлайди. Сизга табассум қилади. Эътибор берсангиз ўз тилида нималарнидир шивирлайди. Гуллар парваришида тупроғининг юмшоқлигига эътибор қаратиш керак. Қатқалоқ бўлиб қолмаслиги лозим. Инсон яхши меҳнат қилсагина унинг роҳатини кўради. Турмуши тўкин бўлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири