Италия: мафия, демография ва янги қарорлар
Италия мафияси Украина урушида қўлланаётган дронларни қора бозор орқали қўлга киритишга уринаётгани маълум бўлди. Палермо бош прокурори Маурицио де Лучия хулосасига кўра, жиноий гуруҳлар Болқон орқали етказилаётган қуроллар билан бирга дрондан бошқариладиган ўқ-дорига ҳам қизиқиш билдирмоқда. Яъни, бундай аслаҳалардан ҳимоя имконияти ҳозирча талаб даражасида эмас. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур таҳдид юзасидан назоратни кучайтирган. Бу ҳақда ЎзА ҳамкори ANSA агентлиги ёзган.
Италиядаги шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш идораси “фуқароларга оид маълумотларни қонун талабини бузган ҳолда йиғиб, тарқатгани учун” АҚШнинг “Lusha Systems” компаниясини 2 миллион евро жаримага тортди. Тизимда давлат амалдорлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда суд тизими вакилларига тегишли маълумотлар ҳам сақлангани айтиляпти. Расмийлар бундай амалиёт шахсий ҳаёт дахлсизлигига таҳдид туғдиришини таъкидлади.
Ҳукумат Форс кўрфазидаги кескинлик туфайли ёнилғи нархи ошгач, дизель акцизини 17 евроцентга камайтирди. 6 августгача амал қиладиган ушбу имтиёз давлат бюджетига тахминан 125 миллион евро харажат келтириши кутиляпти. Бош вазир Жоржа Мелони мазкур қарор аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган тезкор чора эканини билдирди. Зарурат туғилса, қўшимча иқтисодий ечим ҳам ишлаб чиқилиши мумкин экан.
Айни пайт мамлакатда демографик инқироз ҳам чуқурлашмоқда: расмий ҳисоботга кўра, 2025 йил атиги 355 000 чақалоқ дунёга келган, бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг паст кўрсаткич. Туғилиш коэффициенти ҳар бир аёл ҳиссасига 1,14 болагача пасайган. Мутахассислар бу ҳолатга иқтисодий қийинчилик, меҳнат бозоридаги муаммо ҳамда ижтимоий омилларни асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА