Истиқлол зиёсидан нурафшон шаҳар
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз
Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси остида кенг нишонланади. Айни пайтда мазкур байрамни юксак савияда ўтказиш борасида юртимизнинг барча ҳудудларида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Навоий шаҳрида ҳам байрамга тайёргарлик авжида. Барча маҳаллаларда мустақиллик байрамига бағишлаб маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар ўтказилаётир. Уларда илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳлари иштирок этмоқда.
Навоий шаҳри қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини боғловчи автомагистраль йўли ёқасида бўлиб, 1958 йилда бунёд этилган. Шаҳар республикамиздаги энг йирик саноат марказларидан биридир. Жумладан, вилоятда “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Электрокимё”, “Жанубсаноатмонтаж”, “Навоийдонмаҳсулот” каби йирик 17 та акционерлик жамиятлари – саноат корхоналари, завод ва фабрикалар, ишлаб чиқариш марказлари, мономарказлар, савдо-саноат комплекслари, йирик савдо марказлари, оммавий жисмоний тарбия ва спорт маркази ва мажмуалари, мусиқа ва санъат мактаблари, истироҳат боғлари, кутубхоналар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-8397]
Шунингдек, вилоятда академик лицейлар, махсус касб-ҳунар мактаблари, 50 га яқин мактабгача таълим ташкилотлари, хусусий таълим мактаблари, Президент мактаби, 20 та умумий ўрта таълим мактаби, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш марказлари, 2 техникум ва 2 та олий ўқув юрти мавжуд. Навоий шаҳрининг дунёдаги энг ривожланган АҚШ, Туркия, Россия, Хитой давлатлари, Болтиқбўйи республикалари ҳамда Марказий Осиёдаги бир қанча йирик саноат шаҳарлари билан биродарлашганлиги ва ўзаро ишончли шартномавий халқаро алоқалари туфайли иқтисодий соҳалардаги экспорт-импорт салоҳияти юксалмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳрида сектор раҳбарлари томонидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, шаҳарнинг 1-сектори ҳудудидаги маҳаллаларда 43 минг 274 нафар аҳоли яшайди. 6 та мактаб, 18 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та тиббиёт бирлашмаси ҳамда 2 та оилавий поликлиника аҳоли хизматида. Маҳаллалар аҳолисининг муаммолари турли ташкилотлар раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида ижобий ҳал этилмоқда. Шу билан бирга аҳолининг кам таъминланган тоифасини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда.
Жумладан, “Аёллар дафтари”нинг 3-тоифадаги боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 259 нафари, 4-тоифадаги ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 98 нафари, 6-тоифадаги қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 99 нафарига 1 миллион 200 минг сўмдан “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам берилди.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда 104 нафар “Аёллар дафтари” нинг ишсизлар тоифасида рўйхатда турган хотин-қизлар билан доимий равишда суҳбатлар ўтказиб, уларни мавсумий ва доимий ишларга банд қилиб келмоқда. Ўз тадбиркорлигини бошлаган ва ўзини ўзи банд қилган аёллар солиқ реестридан ўтказилиб, уларга ўзини ўзи банд қилганлиги тўғрисида гувоҳномалар берилмоқда. Сектор ҳудудида яшовчи 6 нафар фуқарога ижтимоий кўмак сифатида ногиронлик аравачалари, қўлтиқ таёқ ва ҳассалар етказиб берилди. 1-сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи “Ёшлар дафтари” га киритилган 61 нафар ёшга 340 миллион 100 минг сўм, шундан, 3 нафар ёшга жами 20 миллион 439 минг сўм олий таълим шартнома тўловлари, 37 нафар ёшга 216 миллион 800 минг сўмлик субсидия асосида асбоб-ускуна, 17 нафар ёшга 96 миллион 900 минг сўмлик ҳарбий сафарбарлик шартнома тўловлари, 5 нафар ёшга 6 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам маблағлари, 1 нафар ёшга 6 миллион 600 минг сўм ижара тўлови тўлаб берилди.
Бу каби ишлар шаҳарнинг 2-, 3-, 4-секторларида ҳам самарали олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллий банклар ва ҳоким ёрдамчилари, маҳалла етакчилари билан ҳамкорликда иссиқхона қурмоқчи бўлган фуқаролар ва ёшлар аниқланиб, уларга имтиёзли кредит ажратилмоқда. Шунингдек, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ички имкониятлари, ихтисослашуви ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда 9 та соҳа маҳаллаларининг “ўсиш нуқтаси” сифатида белгиланди. Шундан келиб чиққан ҳолда 893 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилиши натижасида 34 та оилани тикувчилик йўналишига, 4 та оилани эса иссиқхона йўналишига бириктириш орқали 40 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тизимли равишда ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича республика бюджетининг жами 546 миллион сўм маблағлари ҳисобидан 2,1 километр ичимлик сув тизимини таъмирлаш, шундан, “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида 500 метр узунликдаги ичимлик сув тизимини 130 миллион сўмга таъмирлаш ҳамда “Зарафшон” маҳалласидаги 1,6 километр узунликдаги ичимлик сув тизимини 416 миллион сўмга таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Аҳолини электр энергияси, табиий газ таъминотини яхшилаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Инсон қадри улуғланаётган бир пайтда маҳаллалардан бошланган бунёдкорлик саъй-ҳаракатлари шаҳримизда бўй кўрсатиб, саноат ишлаб чиқариши, бизнес, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, спорт ва ижод, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон орзуси, бугунги кунларимизга нисбатан айтганда, ҳозирги даврнинг тақозоси, унинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизга хос яратувчанлик шижоати ва кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яққол ифодасидир”. Бугун ҳар бир навоийлик “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя остида мустақиллик байрамини катта муваффақиятлар билан, кўтаринки кайфиятда кутиб олиш учун меҳнат қилмоқда.
Муродхон Эгамқулов,
Навоий шаҳри ҳокими.
ЎзА