Истиқболли лойиҳалар ижроси назоратда
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов “Навоий” эркин иқтисодий зонасининг шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Ҳоким тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш ва лойиҳаларни ўз муддатида якунига етказиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Дастлаб “Janub Sanoat Montaj” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишилди. Корхонанинг фойдаланилмаётган тикув цехидаги аҳволни ўрганиш жараёнида яқиндагина бизнес вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот чоғида давлатимиз раҳбарининг эътиборига тушган Конимех туманидаги “Pride Workwear” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Дилрабо Саидова билан ушбу цехдан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.

Сўнгра ҳоким “Навоий Ишонч Гиламлари” МЧЖ бўлди. Ушбу корхона 2018 йилда қиймати 3,2 миллион АҚШ доллари бўлган гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишни бошлаган бўлиб, бугунги кунда лойиҳа тўлиқ ишга туширилган. Бундан ташқари, мазкур корхона таъсисчилари томонидан қўшимча равишда қиймати 3 миллион доллар бўлган гилам ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.

“Uzgormash” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 2019 йилда қиймати 0,6 миллион доллар бўлган тоғ-кон саноатида ишлатиладиган бурғилаш мосламалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширила бошланган эди. Бугунги кунда корхона таъсисчилари томонидан қиймати 1 миллион долларга тенг бўлган панеллар ва қуйма металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Navoi kompozit” МЧЖ қўшма корхонаси ҳам 2019 йилда фаолият бошлаган. Бу ерда қиймати 2,4 миллион доллар бўлган композит қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тадбиркор билан учрашув чоғида вилоят ҳокими экспорт кўламини кенгайтириш ва янги бозорларни излаб топиш бўйича ўз тавсияларини берди.
2020 йилда иш бошлаган “Xovandamir holding” МЧЖда қиймати 1,81 миллион доллар бўлган лойиҳа асосида инновацион қулфли ва МДФ панелли темир эшиклар ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда МДФ ишлаб чиқариш лойиҳаси тўлиқ ишга туширилган. Айни пайтда темир эшик ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Вилоят ҳокимининг навбатдаги манзили “Idial buildings LSTK” МЧЖ бўлди. Корхонада 2020 йилда қиймати 1,41 миллион доллар бўлган лойиҳа асосида металл каркаслар, иссиқхоналар ва қуёш панеллари металл конструкциялар, металлдан евро тўсиқлар ишлаб чиқарилмоқда. 2022 йилда қиймати 1 миллион доллар бўлган лойиҳа асосида қуёш панеллари ва сув иситгичлар ишлаб чиқаришни бошлаган “Solar energy Navoiy” МЧЖда эса қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. “Sharq qurilish servis” МЧЖ 2019 йилда “Навоий” ЭИЗ Навоий шаҳар ҳудудида қиймати 0,6 миллион доллар бўлган томчилаб суғориш тизимини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишни бошлаган эди. Ҳозирда лойиҳа ишга туширилган. Бундан ташқари, мазкур корхона таъсисчилари томонидан қўшимча қиймати 1 миллион доллар бўлган пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Фаолияти ўрганилган объектлардан яна бири “SAM-BC” МЧЖ бўлиб, корхонада 2021 йилда қиймати 1,1 миллион доллар бўлган лойиҳа асосида ёғоч-полимер композит панеллар ишлаб чиқарилмоқда.


Н.Турсунов, шунингдек, “Adizbobo” фермер хўжалигига қарашли корхонада 2023 йил июнь ойида қиймати 3,32 миллион доллар бўлган 100 фоиз экспортга йўналтирилган бойитилган ун ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари билан танишди.
А.Бўриев,
ЎзА