Истиқболли лойиҳалар аҳоли манфаатига хизмат қилади
Божхона қўмитаси раиси А. Мавлонов Қорақалпоғистон Республикасига амалий сафари давомида ҳудудда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганиш, уларга яратилаётган шарт-шароитлар билан танишиш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида бир қатор корхоналар фаолияти билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ҳудудга ташриф буюрганларида Қорақалпоғистонда белгиланган марраларга эришиш учун барча имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туман ва маҳаллада аниқ ҳисоб-китоб ҳамда манзилли ёндашув асосида ишни ташкил этиш юзасидан берган топшириқларининг ижроси божхона органларида ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунда тадбиркорларни ўйлантираётган масалаларни жойига чиққан ҳолда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нукус шаҳридаги радиатор ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхонадаги мулоқотда қисқа муддатда эришилган кўрсаткичлар таҳлил қилинди. 23 миллион АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестиция эвазига Италия, Туркия ва Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар асосида ташкил қилинган корхона йилига 900 минг дона радиатор ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда бу ерда 250 нафар юртдошимиз доимий иш билан таъминланди.

Корхонанинг тўла қувватда ишлашида четдан келтирилган технологиялар учун 25 миллиард сўм қийматида, хом ашёлар учун эса салкам 800 миллион сўм божхона тўловидан имтиёз қўлланилди. Корхона раҳбарлари билан мулоқотда шу ернинг ўзида божхона назорати остидаги товарлар сақланувчи омбор ташкил этиш ва ҳудудга 2,5 км. узунликда темир йўл ётқизиш масаласи илгари сурилди. Қўмита раиси мазкур масалани ўз назоратига олиб, тегишли идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда тезкорлик билан ҳал қилинишини билдирди.

Сафар давомида шунингдек, Тахиатош туманида амалга оширилаётган сунъий интеллект, катта маълумотлар ва супер компьютер тизимларини ташкил этиш лойиҳаси кўздан кечирилди. Қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичида 700 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб этилади ва қурилиш ишлари шу йилнинг ўзида бошланади.
Бунинг учун четдан 1,4 миллион АҚШ доллари қийматида 210 тоннадан зиёд материал олиб келинган бўлиб, бунда божхона тўловларидан 2,3 миллиард сўм имтиёз қўлланилди.
Хитойнинг нуфузли “Shanghai Link Wise Data Intelligence” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа импорт ўрнини босувчи хизматлар ҳажмини йилига 200 миллион долларга етказиш, маҳаллийлаштириш даражасини 70 фоиздан 90 фоизга ошириш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муҳими, 100 нафар юртдошимиз доимий иш билан таъминланади.
Тадбиркорлар ўзаро мулоқотда четдан олиб келинаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталларнинг айнан лойиҳа параметрларига мослари мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаётганлиги сабабли мазкур товарларга божхона тўловларидан имтиёз қўллаш бўйича мурожаат қилишди.
“Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат муассасаси билан ҳамкорликда мазкур масала ўрганилиб, қисқа муддатда амалий ечим топиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири