Талабага Президент совғаси топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган махсус кўргазмада мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшларининг маҳалла ҳаёти, экология, стартаплар, муҳандислик ва китобхонлик маданиятини юксалтириш каби соҳалардаги лойиҳалари билан танишган эди.
Кўргазма доирасида давлатимиз раҳбарига Нукус давлат техника университети талабалари томонидан “Shell Eko-marafon” халқаро танлови учун ишлаб чиқилган “Aral Drive” лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу университет талабаси, Нукус ёшлар технопарки резиденти Айзада Асанованинг “Янги авлод автомобиллари” йўналишидаги муваффақиятли лойиҳаси эса ҳудудларда ҳам муҳандислик мактаблари жадал ривожланаётганидан далолат бериши қайд этилди. Мазкур лойиҳа учун талаба Президент совғаси Volkswagen электромобили билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган махсус кўргазма иштирокчилари билан учрашди. Унда Президент совғаси Volkswagen электромобилини ўз эгасига топширди ва “Aral Drive” лойиҳасининг барча иштирокчиларини қутлади.
Жамоага келгусида Белгия давлатида ўтказиладиган танловда ҳам юқори натижани қўлга киритишига тилак билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА