Истеъмолчиларга қулайлик яратилмоқда
Ҳавонинг совиши сабаб аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжнинг ортиши табиий. Шубҳасиз, баъзи ҳудудларда газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Улар ташкилот томонидан ўз вақтида ўрганилмоқда, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидлаш лозим, йил давомида корхона томонидан бир қатор тизимли ишлар олиб борилди. Бухоро вилоятидаги 50 га яқин ҳудудларда бугунга қадар реконструкция ишлари бажарилди. Табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолари мавжуд ҳудудларнинг газ таъминотини яхшилаш ҳамда мавсум давомида узлуксиз табиий газни етказиб бериш учун умумий ҳисобда 54 километрдан ортиқ газ қувури реконструкция қилинди.


Кенг кўламли ислоҳотлар натижаси сабаб миллионлаб истеъмолчининг хонадонида газ таъминоти яхшиланишига эришилди. Қувонарлиси, таъминот билан боғлиқ турли йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда бир маромда газни етказиб бериш учун 371 та газ қурилмалари созланди.

Бугунга қадар ташкилот томонидан 2607 та мурожаат ўрганилди. Ўрганишлар давомида 2005 таси ижобий жиҳатдан ҳал этилди. Қолганлари юзасидан эса тушунтириш берилди. Мурожаатлар асосан ёзма ва оғзаки бўлиб, электрон, “ишонч” телефонлари ҳамда виртуал қабулхона орқали йўлланмоқда.

– Таъминот ходимлари томонидан ҳар бир мурожаат ўз вақтида ўрганилади, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Фаррух Ражабов. – Фуқаролар ўзларининг турли муаммолари билан келишади. Жумладан, табиий газга улаш, ҳисоблагич ўрнатиш, ҳисоб-китоб масалалари ва шунга ўхшаган бошқа бир қатор муаммолар билан мурожаат қилмоқда. Қабулхонада соҳа масъуллари томонидан уларнинг ҳар бири ўрганилади, тушунтирилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.