Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилмоқда?
Истеъмолчи сифатида ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини англаб боргани сари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа кўплаб соҳаларда сифат шакллана боради.
Истеъмолчи сифатида ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини англаб боргани сари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа кўплаб соҳаларда сифат шакллана боради. Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилаётган фуқароларнинг мана шундай фаоллик билан ҳақ-ҳуқуқларига бефарқ эмаслиги қувонтиради.
Хусусан, яқинда федерацияга С. Маҳкамовдан мурожаат келиб тушди. У Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” кўчаси, “Самарқанд дарвоза” савдо марказидан 5 350 000 сўмга оёқ кийим харид қилган, аммо маҳсулот сифатсиз чиққани ҳақида маълум қилган. Ҳолат мутахассислар томонидан ўрганилиб, истеъмолчининг пули тўлиқ қайтариб олиб берилди.
Самарқанд вилояти Самарқанд тумани “Қўшкўприк” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Саидқулов эса федерациянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмасига шикоят билан мурожаат қилди. У Умар Бакиев исмли савдо ходимидан 7.500.000 сўм миқдорида музлатгич харид қилгани, аммо товар сифатсиз чиққани баён қилинган. Вазият вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан ўрганилиб, савдо вакилига истеъмолчи ҳуқуқлари тўғрисида тушунтириш олиб борилди ва истеъмолчига маҳсулот янгисига алмаштириб берилди.
Шунингдек, 2020 йил 6 январь куни Зарафшон шаҳар, 11-кичик туманда яшовчи фуқаро О.Эсимованинг оғзаки ариза билан мурожаат қилишича, 2019 йил декабрь ойида 2-кичик туман ҳудудида фаолият юритувчи “Эко-Зар” хусусий корхонасига юмшоқ мебель жиҳозларини буюртма қилган ва олдиндан келишилган 6 000 000 сўмдан аванс сифатида 2 000 000 сўм тўлов қилган. Корхона буюртма қилинган мебелларни мижозга топширган, аммо мебеллар сифати О.Эсимовага маъқул келмаган.
Фуқаро мурожаати бўйича жамият ходимлари корхона раҳбари С.Аҳмаджонов билан тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб бориб, фуқаро О.Эсимованинг мурожаати ижобий ҳал этилди ва 2 000 000 сўм миқдоридаги пули қайтариб олиб берилди.
Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани “Оқтош” шаҳарчасида яшовчи фуқаро Илҳомжон Турдиматов мурожаат қилган. Унда баён этилишича, фуқаро Наманган вилояти тижорат банкидан кам таъминланган оилалар учун бериладиган кредит олган ва банк томонидан Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Салима Нурбек” МЧЖга кредит ўтказиб берилган.
Истеъмолчи МЧЖдан “Сеганти” русумли қиймати 2 млн. 850 минг сўм бўлган тикув машинаси харид қилган. Аммо орадан бир ой ўтмай, носоз ҳолга келган ва МЧЖ томонидан бартараф этилмаган.
Тўрақўрғон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мутахассислари томонидан белгиланган тартибда ўрганилиб, “Салима Нурбек” МЧЖга қонун асосида тегишли тушунтиришлар олиб борилди ҳамда МЧЖ томонидан “Сеганте” тикув машинаси таъмирлатиб берилди.
Дарҳақиқат, тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган болалар мебеллари ҳақида сўз кетганда савол туғилади: “Бугун ички бозорда ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг барчасига ҳам “сифатли“ жумласини ишлатиш ўринлимикан?“
Фуқаро Д.Муҳаммедова “Саид Файз Мебель“ ХКдан 2.300.000 сўмга болалар мебелини харид қилган. Аммо харид уйга етказилгач, мебелнинг кўзга ташланадиган камчиликлари табини хира қилди.
Тадбиркорга бу ҳақда билдиришига қарамасдан ҳеч қандай натижа кузатилмагач, ўз ҳуқуқи ҳимояси бўйича федерацияга мурожаат қилди. Қисқа фурсатда Бухоро шаҳар жамияти раиси К.Ҳафизов аралашуви билан истеъмолчига сотилган болалар мебели сифатлисига алмаштириб берилди.