Истеъмолчилар ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинмоқда?
26 ноябрь куни Навоий шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Навоий шаҳри, Толстой кўчасида яшовчи фуқаро Ҳамза Эргашев мурожаат қилган. Унда қайд этилишича, Ҳамза Эргашев Навоий шаҳридаги «ГУЛОБОД» савдо мажмуасидаги дўкондан 5 032 000 сўмга «Смартфон Samsung A72 6/128Gb” русумли қўл телефон сотиб олган ва у носоз чиққан. Фуқаро мазкур ҳолатдан норози бўлиб, масаланинг ҳал этилишида амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилганида ҳақиқатдан ҳам қўл телефонида носозликлар борлиги аниқланди.
Шундан сўнг, савдо дўкони раҳбарига истеъмолчининг истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг тегишли моддалари юзасидан тушунчалар берилди.
Натижада, истеъмолчига қўл телефони янгисига алмаштириб берилди.
Шунингдек, 10 ноябрь куни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 ишонч рақамига Навоий шаҳар "Баркамол авлод" кўчаси 3-уй,15-хонадонда яшовчи фуқаро Фарҳод Бекпўлатовнинг оғзаки мурожаати қабул қилинди.
Фуқаро Ф.Бекпўлатов ўз мурожаатида Навоий шаҳрида жойлашган савдо дўконидан 5 500 000 сўмга муддатли тўлов асосида сотиб олган телевизор кафолат муддати ичида носоз чиққанидан норозилик билдириб, бу масалада амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилганида ҳақиқатдан ҳам телевизор носоз эканлиги кузатилди.
Шундан сўнг, сотувчига истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг тегишли моддалари юзасидан тушунчалар берилди.
Натижада фуқарога телевизор учун тўлаган 5 500 000 сўм пул маблағи қайтарилишида ва муддатли тўлов асосидаги кредит шартномаси бекор қилинишида амалий ёрдам кўрсатди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА