Истеъмолчига етказилган зарар судда ундирилди
Қашқадарёда истеъмолчиларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар суд тартибида ўз ечимини топмоқда. Жумладан, туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 34 та ҳолатда истеъмолчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилинди. Судларга коммунал соҳа, электр энергияси ва газ таъминотида истеъмолчилар дуч келаётган муаммоларга оид даъво аризалари киритилган бўлиб, фуқароларга етказилган 141 миллион 706 минг сўмлик зарар суд тартибида қайта ҳисоб-китоб ва бекор қилиниши таъминланди.
Хусусан, Косон тумани "Муғжагул" маҳалласида яшовчи фуқаро Комил Равшанов «Косонтумангаз» идораси томонидан хонадонига ноқонуний қарздорлик ҳисобланаётганини маълум қилган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида К.Равшановнинг хонадонига ўрнатилган ҳисоблагич инобатга олинмасдан 4 миллион 382 минг сўм қарздорлик асоссиз ҳисоблангани аниқланди ва қарздорлик судда истеъмолчининг ҳисобидан чиқарилиши таъминланди.
Шунингдек, фуқаро Руслан Умаровнинг мурожаатида қайд этилишича, «Косонтумангаз» идораси истеъмолчига 7 миллион 934 минг сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблаган. Қарздорликни бекор қилиш юзасидан туман жамияти томонидан судга даъво аризаси киритилган, аммо суд мажлисида туман газ идорасидан ҳеч ким иштирок этмади. Суд эса истеъмолчининг талабини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Юқоридаги каби истеъмолчиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслик ҳолатлари, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида хизмат кўрсатиш шартномалари мавжуд эмаслиги, ҳар икки томоннинг соҳага оид қонунчиликдан бехабарлиги ва эътиборсизлик оқибатида келиб чиқмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА