Истеъмолчи ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, аҳолининг бу борадаги билим ва тушунчаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Жамиятимизга ўтган 2022 йилда 75 нафар истеъмолчи бевосита, шунингдек, Ўзбекистон истеъмолчилар уюшмаси федерацияси ҳамда Бош прокуратура “ишонч телефони” орқали ариза ва шикоят билан мурожаат қилди, – дейди Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси вазифасини бажарувчи Улуғбек Эшматов. – Асосан, табиий газ ва электр энергияси тўловлари, алоқа хизмати ҳамда савдо-харид масалалари бўйича қилинган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 97 миллион 341 минг сўмдан зиёд маблағ ундирилди.

Булоқбоши тумани Байналмилал маҳалласида яшовчи Абдураҳмон Мирзаев мурожаат қилиб Андижон шаҳар, Бобур шоҳкўчасида жойлашган авиакассадан 2 миллион 650 минг сўмга “Андижон - Москва” йўналиши бўйича авиачипта сотиб олганлиги, бироқ оилавий шароити сабаб учиб кета олмаганлиги, чипта ўз вақтида қайтариб топширилган бўлса-да, авиачиптанинг пулини қайтариб ололмаётганлиги, ушбу муаммони ҳал этишга ёрдам берилишини сўраган.
Ушбу мурожаат қонун доирасида ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам истеъмолчи авиачипта учун тўлаган пулини асоссиз равишда ололмаётганлиги маълум бўлди. Жамият мутахассислари томонидан авиакасса ходимлари иштирокида қонун доирасида тушунтириш ишлари ўтказилганидан сўнг фуқаро А.Мирзаевга 2 миллион 650 минг сўм миқдоридаги пул қайтариб берилди, истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи тикланди.
Шунингдек, Андижон шаҳри, Бўстон даҳасида яшовчи З. Хабибуллаева Андижон шаҳридаги “Ўзбегим” савдо мажмуасидан 260 минг сўмга аёллар либоси харид қилган. Либосда нуқсон бўлганлиги учун уни алмаштириб беришни сўраган. Бироқ сотувчилар унга рад жавоб берган. Шундан сўнг у Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, ушбу масалада ёрдам беришни сўраган. Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларининг аралашуви билан истеъмолчига 260 минг сўм маблағ қайтарилди.

Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, фуқароларнинг истеъмол маданиятини ошириш, бу борадаги билим, тушунча ва саводхонлигини юксалтириш бўйича ҳам тадбирлар, мулоқот ҳамда давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ ЎзА