Истеъмол бозорида қонунийлик ва жамоатчилик назорати муҳим
Бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорда товар ва хизматлар сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, истеъмолчи манфаатларининг қонуний ҳимоя қилиниши нафақат фуқароларнинг кундалик ҳаётида, балки савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмасининг 2022-2026 йиллар ҳамда 2026 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширган фаолиятига бағишланган ҳисобот конференциясида сарҳисоб қилинди.
Унда ҳудудий бирлашма ва туман-шаҳар жамиятлари масъуллари, делегатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда таъкидланганидек, ҳудудий бирлашма фаолияти "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонунлар ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этилган.
Ҳисобот даврида фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш ва истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш асосий йўналишлардан бири бўлди. Хусусан, 2022 йилдан 2026 йилнинг 9 ойигача ҳудудий бирлашмага Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони, Президент мурожаатлар портали, Бош прокуратура ишонч телефони, Telegram-бот, шунингдек, ёзма ва оғзаки шаклларда жами 3 минг 811 та мурожаат келиб тушган.

Уларнинг 3 минг 235 таси ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига жами 2 миллиард 270 миллион 141 минг 653 сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди. Қолган 576 та мурожаат эса тегишлилиги бўйича ваколатли давлат органларига йўналтирилиб, қонуний ечим топишига кўмаклашилди.
Мурожаатларнинг асосий қисми савдо ва хизмат кўрсатиш, товарлар сифати, кафолатли хизмат, маҳсулотларни қайтариш ва алмаштириш, коммунал, тиббий ҳамда банк-кредит хизматлари билан боғлиқ.
– Бу рақамлар ортида ўз ҳуқуқини тиклашга эришган минглаб фуқароларнинг манфаатлари мужассам. Шу боис мурожаатлар билан ишлашда тезкорлик, қонунийлик ва натижадорликка алоҳида эътибор қаратиляпти, – дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси аъзоси Шуҳратжон Ражабов. –Истеъмол бозорида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик назорати тадбирлари ҳам изчил олиб борилди. Хусусан, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан келишилган ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган иш режа асосида 18 минг 456 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар давомида солиқ, меҳнат, соғлиқни сақлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид бўлган 2 минг 956 та ҳолат аниқланиб, тегишли чоралар кўриш учун ваколатли органларга юборилди. Шунингдек, савдо дўконлари, умумий овқатланиш шохобчалари ва хизмат кўрсатиш объектларида товарларнинг яроқлилик муддати, нархларнинг тўғри кўрсатилиши ҳамда савдо қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик мониторинглари ўтказилди.

Конференцияда эришилган натижалар билан бир қаторда, туман ва шаҳар жамиятлари фаолиятида учраётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам танқидий таҳлил қилинди. Келгусида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кучайтириш ҳамда давлат органлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.
Дарҳақиқат, истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилиш фақат мурожаатларни кўриб чиқиш ёки аниқланган қонунбузилишларга чора кўриш билангина чекланмайди. Бу энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданиятини юксалтириш, бозорда қонунийлик ва масъулият муҳитини қарор топтиришни талаб этади. Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг самараси ҳам ана шу мақсадларга қай даражада эришилаётгани билан белгиланади.
А. Мусаев, ЎзА