Ғелон сари йўл: кузнинг бетакрор манзаралари
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Ғелон қишлоғига элтувчи йўл йилнинг ҳар фаслида ўзгача манзара касб этади. Айниқса, кузда Ҳисор тоғлари бағридаги бу маскан тилларанг дарахтлар, қорли чўққилар, зилол сувлар ва мусаффо ҳавоси билан кишини мафтун этади.
Шаҳрисабз текисликларидан тоғлар сари кўтарилган йўл бўйлаб табиат манзаралари аста-секин ўзгариб боради. Тоғ ёнбағирларида сарғайган дарахтлар, баланд қоялар ва улар орасидан шиддат билан оқаётган дарё ўзига хос уйғунлик ҳосил қилади.
Даралар орасидан ўтувчи йўл бўйида қад ростлаган тераклар кузнинг турфа рангларига бурканган. Сариқ ва зарғалдоқ тусга кирган япроқлар, тоғлар бағридан эсаётган салқин шабада ва дарё шовуллаши бу ҳудудга ўзгача тароват бағишлайди.
Йўл давомида учрайдиган кўл ҳам табиатнинг диққатга сазовор манзараларидан биридир. Унинг тиниқ сувида атрофдаги қоялар ва дарахтлар акси жилоланиб, куз фаслининг гўзаллигини янада намоён этади.
Ғелон атрофидаги тоғ манзараларида икки фаслнинг ўзига хос уйғунлигини кузатиш мумкин. Тоғ этакларида кузнинг олтин ранглари ҳукм сурса, баланд чўққилар оппоқ қор билан қопланган. Бу манзара Ҳисор тоғларининг салобати ва табиат рангларининг бетакрорлигини акс эттиради.
[gallery-32502]
Тоғлар бағридаги сўлим даралар, теракзорлар, зилол сувлар ва қорли чўққилар Ғелон қишлоғига элтувчи йўлнинг ўзига хос жозибасини намоён этади. Айниқса, куз фаслида бу ҳудуд табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, тоғ манзараларидан баҳраманд бўлиш ва фотосуратлар олиш учун янада мафтункор тус олади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА