Истеъдод соҳиблари тарбияланаётган маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қашқадарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати қадимий шаҳар Шаҳрисабзда ташкил этилган.
Санъат даргоҳининг ушбу шаҳарда ташкил этилишида чуқур рамзий маъно мужассам. Боиси, бетакрор Шаҳрисабзда азал-азалдан илму маърифат ривож топган, санъатнинг барча турлари тараққий этиб, ҳунарманд усталарнинг бетимсол ишлари бутун дунёга танилган. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур даврига келиб, маданият ва санъат янада юксалади ва шаҳарга “Қуббатул илм вал адаб” яъни, “Илму адаб гумбази”, деб ном берилади. Қашқадарёнинг энг қадимги яшил ва зумрад бу шаҳри кўплаб таниқли ва машҳур истеъдод соҳибларига бешик бўлган.
Билим масканининг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси, академик Турсунали Қўзиев жуда ибратли бир мулоҳазани билдирган эди: “Шундай гўзал табиатга эга шаҳарда туғилиб, ўсиб рассом ва шоир бўлмасликнинг ўзи гуноҳдир”. Мактаб-интернат иш бошлаши билан воҳада халқ амалий санъатининг, тасвирий санъат ва унутилиб келаётган миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, уларни янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам ташланди. Шунингдек, иқтидорли ёшларга таълим ва тарбия беришда, санъат йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришишда педагогик кадрларни салоҳиятини кўтаришга қаратилган босқичма-босқич бир қанча ишлар амалга оширилди.
[gallery-16385]
Таълим муассасаси мутахассислик фанлари бўйича ўқув жиҳозлари, молбертлар, кўргазмали қуроллар, фонд, замонавий тикув машиналари, техник жиҳозлар, кулолчилик, фан ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.
Мактаб ижодкор ёшлари мамлакат ҳамда халқаро миқёсдаги турли кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Шу билан бирга, муассасани битирган ва таълимнинг сўнгги босқичларида соҳа бўйича таҳсил олиб, республикамизнинг турли жойларида тасвирий ва амалий санъат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш мутахассис кадрлар кўпчиликни ташкил этади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА