“Истанбул дафтари” – Туркия достони
Китобнинг фақат ҳажми эмас, маъно-мазмуни, ёзилиш услуби билан ҳам салмоқли.
ёхуд журналист-дипломат Аброр Ғуломовнинг китобига миннатдорлик эътирофи
Яқин кечаги тарихимизда, дунёга ёпиқ мамлакат – СССР (Совет социалистик республикалари иттифоқи) деган салтанат қучоғида яшаганимизда Туркия, Америка, Арабистон, Италия, Испания ва бошқа шу каби юзлаб давлатларнинг биз учун номи бор-у ўзи йўқ эди. Дарсликларда номи бор холос, бошқа ҳеч қанақа маълумот йўқ. Маълумот ахтаришга қизиқиш ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ. Дунёда гуллаб-яшнаган, одамлари бахтли, коммунизм сари олға бораётган СССР бор холос. Унинг таркибида ўн бешта Суверен (қоғозда) республикалар қаторида Ўзбекистон ҳам бор.
Мустақилликка эришдик, дунёдаги ўнлаб мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрната бошладик, жумладан Туркия билан ҳам. Борди-келдилар бошланди, авиарейслар қатнови йўлга қўйилди.
Хуллас, Туркия, Туркия. Аввал мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётда ҳамкорлик қила бошладик, сўнг муносабатлар бир қадар сустлашди. Бугунга келиб яна динимиз бир, тилимиз бир орқадошлар – қардошлар билан илиқ муносабатлар мўътадиллашмоқда, ўзаро ёрдам, қўшма корхоналар гуриллаб ишлай бошлади. Илоҳим янада баравж бўлсин. Зеро, миллати илдизлари, ўзлари “оғаларимиз” деганидек, ўзбекларга тақаладиган Туркия фақат бугун эмас, кеча ҳам дунё таниган ва тан олган забардаст мамлакат. Ўзбекларга ёд бўлиб кетган, ҳозирги кунда Россия телеканалида ҳам намойиш этилаётган ҳужжатли-тарихий асар – “Муҳташам юз йил” бу мамлакат, давлат, Усмонлилар Империяси ҳақида бирмунча батафсил маълумот беради. Бироқ у, барибир, кино-да. Қайси жойи тарихий ҳақиқат, қаери бадиий тўқима, моҳир актёрлар ижросидаги санъат асари.
Бизда Туркия ҳақида, қардош-қондош турк миллати ҳақида, мамлакат ва халқнинг бугунги ҳаёти ҳақида маълумот берадиган, яхлит бир муқовага киритилган асар борми?
Йўқ эди, энди бор. Бу, журналист ва дипломат, кейинги ўн йил давомида (2006-2016) Ўзбекистоннинг Туркиядаги бош консули лавозимида ишлаган Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари” номли салмоқли китоби. Китобнинг фақат ҳажми эмас, маъно-мазмуни, ёзилиш услуби билан ҳам салмоқли. Ва, самимий. Китобга ўхшамайди, суҳбатдошга ўхшайди. Гаплашиб ўтираверасиз. Асар авваламбор шу жиҳати билан эътиборли. Ўқувчи Туркия давлати ва турк халқи ҳақидаги маълумот ва образларни ўзини мажбурлаб тарихий манбадан ўқимайди, суҳбатлашиб ўтириб давлат ва давлатчилиги, халқининг туриш-турмуши ҳақида билимларга эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, бир неча ўнлаб жилдли тарихий китоблардан, экскурсия йўриқномаларидан, миллатнинг урф-одати, маданиятига оид рисолалардан ахтариб топиш мумкин бўлган маълумотлар, факт ва далиллар – биргина шу китобда мужассам. Такрорлайман – содда ва самимий тилда!
Шу жойга келганда, энди асарнинг мазмун-мундарижаси ҳақида икки оғиз ёзай, деб китобни варақладим. Охирида “Мундарижа”га қарадим. Ўқиб сарлавҳаларнинг ўзи мазмун ҳақида равшан ҳикоя қилиб турганини кўрдим. Улардан айримларига кўз югуртирсангиз китобда нималар ёзилганини билиб оласиз: “Уч салтанат пойтахти – Истанбул”, “Дунёни 623 йил титратган Усмонли салтанати”, “Ўрта асрлардан бугунги кунгача: ўзбек-турк муносабатлари”, “Ўзбек хонлари ва Усмонли султонлари”, “Туркиядаги ўзбеклар”, “Истанбулни кўрган ва кўрмаган Эркин акалар”, “Абдулла Орипов сабоқлари”, “Амир Темурининг кўнгил куйчиси – Абдулқодир Мароғий”, “Кенжа Соғуний нима дейди”, “Футбол фанатлари юрти – Туркия”, “Пайғамбарлар диёрида Рамазон жўшқуси”, “Ўзбекистонликлар жамиятлари – кеча ва бугун. Эртага-чи? ” ва бошқалар.
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида ўтган йили чоп этилган бу китобга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ихчамгина тақриз ёзган. Ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад ва академик Акмал Саидов – маслаҳатчилар.
Хуллас, китобни ўқиб маза қилдим: Туркияни, турк халқини танидим, меҳрим ортди, ҳавасим келди, улардан ўргандим, ўргатадиганларимиз борлиги ҳақида мулоҳазага бордим. Тарихий ва замонавий муносабатлар, ижтимоий-сиёсий ҳаёт, эртанги ва келажакдаги манзаралар чуқур ўйга толдирди...
Жўн, оддий тилда шунақа салмоқли китоб битгани учун муаллифдан миннатдор бўлдим. Муаллиф қирқ йил муқаддам “Тошкент ҳақиқати” газетасида меҳнат фаолиятини бошлаганида болаларча кўнгли очиқ, самимий йигит эди, бугун олтмишдан ошиб ҳам ўша очиқлик-самимийликни сақлаб қолгани китобида ҳам акс этиб турибди. Инсон табиатида кам учрайдиган ҳолат!..
Ҳабибулла Олимжонов,
журналист, юрист.