Иссиқлик етказилмаган кунлар учун ҳисобланган маблағ истеъмолчиларга қайтарилди
Қашқадарёда Рақобат қўмитаси ўрганиши натижасида 5 минг 500 хонадонга иссиқлик учун асоссиз ҳисобланган 2,3 миллиард сўм қайта ҳисобланди. Хизмат кўрсатилмаган кунлар учун тўловлар энди бекор қилинади.
Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг марказлашган иссиқлик тизими орқали иссиқлик билан таъминланиши ўрганилди.
“Иссиқлик таъминоти” МЧЖ маҳаллий қозонхоналар орқали Қарши шаҳри ва Нишон, Косон ҳамда Яккабоғ туманларидаги жами 384 та кўп қаватли уйнинг 14 минг 448 та хонадонига иссиқлик энергияси етказиб берган. 12 та бюджет ва бошқа турдаги ташкилотларни ҳам иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилган.
Ўрганишлар давомида режали таъмирлаш, тизимдаги авариялар, газ босимининг меъёрдан пасайиши, совуқ сув ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар туфайли қозонхоналар ишламаган кунларда иссиқлик етказилмагани аниқланди. Шунга қарамай, мазкур кунлар учун ҳам қарздорлик ҳисобланган.
Истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бу маблағлар мавсум якуни бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиниши масаласи кўриб чиқилди. Натижада вилоятдаги 5 минг 500 та хонадонда яшовчи истеъмолчилар фойдасига 2,3 миллиард сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА