Имкониятлар ва инфратузилма салоҳияти ўрганилди
Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, чегара божхона постларида замонавий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, чегара ҳудудларида божхона инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда тадбиркорлар ва фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси А. Мавлонов, Транспорт вазири И. Маҳкамов, Автомобил йўллари қўмитаси раиси Ж. Турсунов ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ раиси А. Сувонқуловлар Ўзбекистон-Туркманистон давлат чегарасида жойлашган Бухоро вилояти “Олот” чегара божхона постида бўлишиб, унинг фаолияти, мавжуд инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш имкониятлари билан танишишди.
Ўрганиш давомида постнинг бугунги салоҳияти, чегарадан ўтувчи транспорт воситалари ва юклар оқимига хизмат кўрсатиш имкониятлари, божхона назорати жараёнларининг самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан божхона соҳасини рақамлаштириш, чегара ўтказиш пунктларини модернизация қилиш, ташқи савдо иштирокчилари учун ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва замонавий логистика тизимини ривожлантириш бўйича илгари сурилаётган ташаббуслар бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Зеро, чегара божхона постлари фаолиятининг самарадорлиги нафақат давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш, балки мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий салоҳиятини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўрганиш якунида пост фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири