Иссиқкўлда юзлаб хонадонни сув босди
Иссиқкўл жануби ва шимолида кучли сел кузатилди. Ҳудуддаги юзлаб хонадонларни сув босган. Кучли ёмғир туфайли Чўн-Қизил сув дарёси ўзанидан чиқиб кетган. Бундан ташқари, Саруу қишлоғида дарё катта йўлни қоплаб, автомобиллар ҳаракатини қийинлаштирган.
24.kg ёзишича, шимолий қирғоқда кечаси сел оқими Булан-Соғоту, Корумду, Темировка қишлоқлари ва “Иссиқкўл Аврора” пансионати ҳудудига бостириб кирган – маҳаллий аҳолининг юзлаб ҳовлилари сув остида қолган.
Жойларда ҳодиса оқибатини бартараф этишга 300 дан ортиқ киши жалб этилган.
Шу йил 14 июль куни Ўш вилояти ва шаҳрида сел келиб, жиддий вайронагарчиликка сабаб бўлган, жумладан автомобиллар оқиб, йўллар сувга ғарқ бўлган эди. 28 июнь куни эса Новқат туманида ҳалокатли сел содир бўлиб, аҳоли ва сайёҳлар орасида қурбонлар кузатилган.