Исроилда 1700 йиллик мармар ҳайкал топилди
Исроил археологлари томонидан Биньямин шаҳри яқинидаги ташландиқ вино заводида тахминан 1700 йиллик икки ноёб мармар бюст топилди. Ушбу экспонат Тель-Авив ва Хайфа оралиғидаги темир йўл изини кенгайтириш лойиҳаси доирасида олиб борилган қазишма пайти қўлга киритилди.
Бўйи тахминан 55 см, ҳар бири қарийб 60 кг келадиган топилмалар қадимий улкан вино идишида юзи пастга қаратилган ҳолда ётган ва деярли шикастланмаган эди.
Бюстлардан бирида юнон ҳарфлари билан “Ликург” номи ёзилгани олимларда айниқса қизиқиш уйғотди. Тадқиқотчилар фикрича, ҳайкаллар Кесария яқинида жойлашган Рим даврига оид ҳашаматли виллани безаб турган бўлиши мумкин. Археологлар мазкур топилма беқарорлик даврида ёдгорликларни талон-тарож ёки вайрон қилишдан асраш мақсадида атай яширилганига урғу берган.
Тўлиқ ўрганиб чиқилгач, экспонатни Тель-Авивдаги Исроил замини музейида намойиш этиш режалаштирилган.
С.Раҳимов, ЎзА