Исроил ва Греция ўртасида мудофаа соҳасида йирик битим имзоланди
Ушбу битимга кўра, Греция ҳарбий ҳаво кучларини учишга тайёрлаш халқаро маркази ташкил этилади, деб хабар тарқатди Исроил мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
"Битимнинг қиймати тахминан 5,5 миллиард шекелга (тахминан 1,7 миллиард доллар) тенг.
Вазирлик тарқатган маълумотга кўра, ўтган жума куни Исроил мудофаа вазирлигининг халқаро мудофаа ҳамкорлиги бошқармаси (SIBAT) директори, захирадаги бригада генерали Яир Кулас Исроил ва Греция ўртасидаги "йирик мудофаа битимини” имзолаган. Мазкур ҳужжат доирасида Исроил мудофаа вазирлиги ва Elbit Systems компанияси Греция ҳарбий ҳаво кучларини учишга тайёрлаш халқаро марказини ташкил этишга бош-қош бўлади. Марказ Италиянинг Leonardo компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ўнта M-346 ўқув-машқ самолёти билан таъминланади
Исроил мудофаа вазири Бени Ганцнинг таъкидлашича, "ушбу ҳамкорлик тўғрисидаги битим Греция билан Исроил мудофаа вазирликлари ўртасида ўрнатилган мустаҳкам муносабатларга асосланган". Вазирнинг ишонч билдиришича, битим "Исроил ва Греция иқтисодини мустаҳкамлайди ва шу йўл билан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик мудофаа, иқтисодий ва сиёсий даражада янада чуқурлашади".