Исроил парламенти 2023 йил 7 октябрдаги ҳужум учун ўлим жазосини белгилаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
Исроил ҲАМАС томонидан Исроилга нисбатан амалга оширилган ҳужум ва оммавий гаровга олишда иштирок этганлар учун ўлим жазоси ва очиқ суд жараёнини назарда тутувчи қонун қабул қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Душанба куни кечқурун 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумга алоқадорликда айбланганларга ўлим жазосини тайинлаш ваколатига эга махсус трибунал ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 120 ўринли Исроил Кнессети томонидан 93 овоз билан қабул қилинди. Қолган 27 нафар қонун чиқарувчи овоз беришда қатнашмади ёки бетараф қолди.
Қуддусда жойлашадиган трибунал мажлислари жамоатчилик учун очиқ ўтказилиб, аудио ва видео форматда ёзиб олинади. Асосий тинглов махсус веб-сайтда жонли эфир орқали намойиш этилади. Суд ҳайъатига амалдаги ёки нафақадаги туман суди судьялари раислик қилади.
Шунингдек, лойиҳа ҳарбий ҳаракатга алоқадор бўлмаса-да, Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин маъмуриятидан судланувчилар ҳуқуқий вакиллиги учун маблағ ундирилишини ҳам назарда тутади.
Ҳужжатнинг тушунтириш меморандумига кўра, мақсад “2023 йил 7 октябрда бошланган Исроил фуқароларига қарши мувофиқлаштирилган ва қасддан қилинган террор ҳужуми доирасида ҲАМАС ва ушбу гуруҳга алоқадор одамлар томонидан содир этилган душманлик ҳаракатлари, қотиллик, жинсий зўравонлик, одам ўғирлаш ва талончилик учун жавобгар шахсларни жавобгарликка тортишни тартибга солиш”дан иборат.
– Ҳамма Исроил суверен давлат экани, мазкур мамлакатга зарар етказганлар қандай жавобгарликка тортилишини билиши керак, – деди қонун лойиҳаси ҳаммуаллифи Юлия Малиновская.
Дарвоқе, Исроил ва Фаластиндаги инсон ҳуқуқи ташкилотлари бундай қонун ўлим жазоси қўлланиши шартини ҳаддан зиёд соддалаштириши ва шу билан бирга адолатли суд жараёни ҳуқуқи учун процессуал кафолатни йўққа чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
– Очиқ суд мажлисини тартибга солувчи қоида айбсизлик презумпцияси, адолатли суд жараёни ва инсон қадр-қимматига нисбатан ҳуқуқни бузади, деди Исроилдаги “Адалоҳ” араб озчилиги ҳуқуқи бўйича марказ адвокати Муна Ҳаддод. – Ушбу механизм, ҳатто, иш моҳияти бўйича суд бошланишидан олдин ҳам, шунчаки айблов хулосаси беришни айбни тан олиш билан тенглаштиради.
Ушбу лойиҳа март ойида Исроил ҳукумати томонидан тасдиқланган ўлим жазоси тўғрисидаги қонун билан боғлиқ эмас. Бундай ҳужжат террор ва миллатчилик қотиллигида айбланган фаластинликлар учун ўлим жазоси бериш имконини кенгайтирди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил тарихидаги энг ҳалокатли кунлардан бири саналадиган 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС жангарилари ҳужуми туфайли мамлакат жанубида 1200 дан кўп одам ҳаётдан кўз юмган. Ғазо секторида яна 251 киши, жумладан аёллар ва болалар, хорижий фуқаролар ўғирлаб кетилди ва асир олинди. Бу воқеа Ғазо тарихидаги энг қонли ҳодисаларни келтириб чиқарди. Қирғинбарот оқибатида бугунги кунгача 72 000 дан ортиқ инсон уруш қурбонига айланган. Марҳумларнинг аксарияти болалар, аёллар ва қариялардир.
Гўзал Сатторова, ЎзА