Исроил мухолифати: Нетаньяху ҳокимият учун ҳар нарсага тайёр! (+видео)
Исроил мухолифати етакчиси Гади Айзенкот мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳокимиятни сақлаб қолиш учун ҳеч нимадан қайтмасликда айблади. “Anadolu” нашри ёзишича, мулозим Нетаньяху бу йўлда ёлғон гапиришдан ҳам, ҳаддан ташқари чора кўришдан ҳам тоймаслигини таъкидлаган.
Таъкидланишича, ўлкадаги “Яшар” партияси раҳбари Айзенкот умумий сайлов арафасида Тель-Авивда ўтказилган митингда нутқ сўзлаб, рақиби тарафдорларини ҳукумат раҳбарини қўллаб-қувватлашдан воз кечишга чақирган. Унинг огоҳлантиришича, давлат Нетаньяху бошқаруви астида яна тўрт йил яшашга бардош бера олмайди.
Мухолифат вакили Нетаньяху бошчилик қилаётган “Ликуд” партияси йўлдан адашгани, Исроил ҳозирги йўналишда олға ҳаракатни давом эттира олмаслигига эътибор қаратган.
– Сўровномаларни кўряпмиз, рақамлар маълум ва Нетаньяхуни ҳам яхши биламан. Ҳокимиятни сақлаб қолиш учун у ҳеч нарсадан қайтмайди – на ёлғондан, на ҳаддан ташқари чоралардан, — дея таъкидлаган у.
Исроилнинг икки телеканали эълон қилган сўнгги сўровномада Айзенкот бошчилигидаги “Яшар” партияси биринчи ўринда боряпти. Кейин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси жойлашган. Мазкур таҳлил 24 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси белгилаган сайлов олди ташвиқоти қоидаси доирасида ўтказилган.
Бугун Исроилда сайлов бўлиб ўтяпти. Овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 22:00 да якунланади. Дастлабки ҳисобот 28 октябрь куни маълум бўлади. Якуний натижа 30 октябргача аниқланиб, 4 ноябрда расман маълум қилиниши кутиляпти.
К.Бекжонов,
А.Аҳмедов (видео),
ЎзА