Исроил – Ҳизбуллоҳ: навбатдаги қурбон
Ливан томони Ҳизбуллоҳ матбуот котиби Муҳаммад Афиф Исроилнинг Байрут марказига уюштирган ҳужуми оқибатида вафот этганини тасдиқлади. Мамлакат миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, якшанба куни аҳоли зич жойлашган Рас ан-Наба маҳалласидаги Баас сиёсий партияси қароргоҳига ҳаводан зарба берилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 киши яралангани, жами тўрт инсон ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди. Бошқа қурбонларнинг шахси ошкор қилинмаган.
Маълумки, ХАМАС ташкилоти раҳбарлари бирин-кетин ўлдирилмоқда. Гуруҳнинг жамоатчилик юзи сифатида эътироф этиладиган, фаолиятини давом эттириб турган кам сонли мулозимлардан бири бўлган Афифни охирги марта ўтган душанба куни матбуот анжуманида кўришган. Унинг ўлими ҳақидаги хабар кеча кечқурун тасдиқланди.
Сурия Президенти Башар Ал-Асад бошчилигидаги Баас партияси Ливандаги бўлими билан бирга Ҳизбуллоҳнинг кўп йиллик иттифоқчиси ҳисобланади. Партиянинг Ливандаги қароргоҳи Байрутнинг ғарбий ва шарқий қисмини шаҳар маркази ва жанубий чеккадан ўтувчи аэропорт йўли билан боғлайдиган гавжум марказий чорраҳа ёнида жойлашган.
Воқеалар ривожлангани сари Исроил Ҳизбуллоҳнинг ҳарбий амалдорларидан ташқари, бошқа мансабдорларини ҳам нишонга олаётгани кўпчиликда жиддий хавотир уйғотмоқда. Зеро, Ҳизбуллоҳ парламентда вакиллари, ҳукуматда вазирлари бор сиёсий даражадаги ҳаракат.
Олдинроқ Байрут марказидаги Мар Элиас кўчасида содир бўлган ҳужум оқибатида икки инсон ҳалок бўлгани, 13 киши яралангани маълум қилинган эди. Ўтган ҳафта Исроил ҳарбийлари ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ бошчилигидаги янги саъй-ҳаракат асносида Ливанга ҳужумни кучайтирди.
2023 йил 7 октябрда ХАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг Ҳизбуллоҳ фаластинликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ракета зарбаларини кучайтирди. Шундан кейин Исроил ўн минглаб кўчирилган аҳолини мамлакат шимолига қайтармоқчилигини айтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўшандан бери Ливанда 3 400 дан кўп одам нобуд бўлди. Исроил шиддатли ҳаво кампаниясини бошлагач, камида 2 600 киши жануб томонга қочди. 1,2 миллион одам уй-жойини ташлаб кетди.
Мусулмон Зиё, ЎзА