Исроил Эронга ҳужум қилишга тайёргарлик кўряптими? (+видео)
Исроилнинг KAN давлат телеканали, мамлакатда урушга тайёргарлик даражаси юқори бўлиб қолаётгани ҳақида маълумот берган. Исроил хавфсизлик кабинети йиғилишида Нетаньяҳу «Эрон режими тугашига яқинлашмоқда» деб баёнот берган. У Эронда ҳокимият алмашиши Исроилнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлаган.
Бундан аввал Нетаньяҳу Эрон Исроилга ҳужум қилса, «қақшаткич зарба»га дуч келиши ҳақида ҳам огоҳлантирган эди. Хавфсизлик кабинети йиғилишида нималар муҳокама қилингани ҳақида батафсил маълумот берилмади. Бир кун олдин Исроил армияси бир нечта фронтда тўсатдан, мураккаб ва кенг кўламли уруш сценарийи бўйича кутилмаган ҳарбий машғулотлар ўтказди. Машғулотлар давомида юқори ҳарбий қўмондонликнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда юзага келиши мумкин бўлган инқирозларга тайёрлиги текширилди. Захира кучлари ҳам жалб қилинди ва кенг кўламли хавф шароитида ҳаракат қилиш машқ қилинди.
Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Эяль Замир мамлакат қуролли кучлари «кескин ва беқарор давр»да турганини ва воқеаларнинг тўсатдан ривожланишига тайёр бўлиши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, Исроил армияси душманларига зарба бериш имкониятлари борлигини ва зарур ҳолатда мустақил равишда ҳаракат қилишга тайёрлигини ҳам намойиш қилмоқда.
Шу билан бирга, расмийлар ушбу машғулотлар айнан Эронга қарши операцияга тайёргарлик эканини билдирмади. Машғулотлар сценарийси бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтда хавф юзага келишини назарда тутган.
Исроил хавфсизлик кабинети йиғилиши АҚШ ва Эрон ўртасидаги давом этаётган ҳарбий қарама-қаршилик пайтида ўтказилди.
Теҳрон Ҳурмуз бўғози ҳудудида янги чоралар тайёрлаётганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ янги ҳужумлар уюштирса, минтақадаги Америка энергетика инфратузилмасига жавоб зарбалари берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GkUyvew6OOs" title="Isroil Eronga hujum qilishga tayyorgarlik ko‘ryaptimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА