Испанияда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?
EFE ахборот агентлиги берган маълумотга кўра, Испанияда коронавирус пандемияси «энг юқори чўққини” забт этиб бўлди.
EFE ахборот агентлиги берган маълумотга кўра, Испанияда коронавирус пандемияси «энг юқори чўққини” забт этиб бўлди. Энди вируснинг ортга чекиниши кутилмоқда.
Испания Тиббий огоҳлик ва фавқулодда вазиятларни мувофиқлаштириш маркази директори Фернандо Симоннинг билдиришича, айни вақтда 4 минг 575 киши жонлантириш бўлимида қолмоқда, уларнинг ярмидан кўпи Мадрид ва Каталонияга тўғри келади.
Сўнгги 24 соат ичида мамлакатда коронавирус билан касалланиш 12,8 фоизга, ўлим кўрсаткичи 17,12 фоизга ошган. Вирус ташхиси қўйилганлар сони 72 минг 248 кишини ташкил этмоқда, улардан 8 минг 189 нафари янги касалланган. Шу вақтгача 5 минг 690 нафар киши вафот этган бўлиб, уларнинг 832 нафари охирги бир суткага тўғри келади.
Мадрид ҳамон зарарланиш ўчоғи бўлиб қолмоқда. Шу ҳафта жума куни шаҳарда жами 345 киши вафот этган, эпидемия бошлангандан буён Мадридда вафот этгандар 2 минг 757 нафарни ташкил этмоқда.
Ҳукумат Хитойдан ниқоблар, нафас олиш ускуналари, қўлқоплар ва бошқа тиббиёт жиҳозлари сотиб олиш учун яна 50 миллион евро ажратган. Шу кунгача мазкур жиҳозлар учун жами 628 миллион евро сарфланган.
Испания полицияси ва жамоат гвардияси тарқатган маълумотларга кўра, сўнгги 24 соат ичида мамлакатда фавқулодда вазият қоидаларига риоя этмагани учун 91 киши ушланган, қоида бузилиши бўйича 10 минг 120 та шикоят келиб тушган. Қоидага амал қилмагани учун ҳибсга олинганлар мамлакат бўйлаб 699 кишини ташкил этади.