Испания Сеутадаги миграция инқирозига қарши чорани кучайтирди
Испания Шимолий Африкада жойлашган Сеута мухтор шаҳрида чуқурлашаётган миграция инқирозига қарши чорани кучайтирди. Қўшни Марокашдан минглаб муҳожир чегарани кесиб ўтгач, мамлакат ҳукумати Фуқаролик гвардиясига кўмаклашиш учун ҳарбий куч жалб қилди.
Маҳаллий “El País” газетаси маълумотига кўра, Испания ҳудудига денгиз орқали етиб келишга уринган 18 мигрант ҳалок бўлган. Расмийлар билдиришича, пайшанба куни минглаб муҳожир Сеутага кириб келиши оқибатида қабул марказлари ва хавфсизлик хизматига беқиёс босим юзага келган.
Испаниянинг яна бир Шимолий Африка анклави – Мелилья билан Марокаш ўртасидаги ягона фаол чегара ўтиш манзили ҳисобланган Бени Энзар назорат-ўтказиш маскани юзлаб мигрантнинг оммавий равишда чегарадан ўтишга уриниши сабабли ёпилди. Маҳаллий ҳокимият хавфсизлик амалиётини осонлаштириш мақсадида аҳолини чегара ҳудудига яқинлашмасликка чақирди.
Вазият Испания ва Италия ўртасида дипломатик тарангликни ҳам юзага келтирди. Маълумки, Италия Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Сеутадаги ҳолат туфайли Испанияни Шенген ҳудудидан четлатишга чақирди. Ушбу баёнотга жавобан Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес Италиянинг Мадриддаги элчиси Жузеппе Буччино Гримальди ТИВга чақирилганини маълум қилди.
Таяни ижтимоий тармоқ орқали Испания ҳукуматининг 500 000 дан кўп ҳужжатсиз мигрантнинг ҳуқуқий мақомини расмийлаштириш тўғрисидаги қарори одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тармоқни рағбатлантирганини таъкидлаган. Альбарес эса бу хулосани ўринсиз баҳолаб, Испания ҳамкор давлатдан “сиёсий популизм эмас, балки Европага хос ҳамжиҳатлик кутаётганини билдирди.
Бош вазир Педро Санчес ва ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка жума куни Сеутага бориши кутиляпти. Хуллас, ҳукумат миграция инқирозига қарши чорани янада кучайтирмоқда. Сеута ва Мелилья ЕИнинг Африка қитъасидаги ягона қуруқлик чегараси ҳисобланади. Бу ҳудуд кўп йилдан буён кўҳна қитъага кириб олиш истагидаги муҳожирлар учун асосий нуқта сифатида кўрилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА