Ислом маънавий меросига инновацион ёндашувлар
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти мажлислар залида "Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида халқаро илмий-маданий симпозиум ҳамда "Ўзбекистон ўрта аср Қуръонлари" ва "Имом Бухорий инновацион музейи" лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
"Ислом – тинчлик ва эзгулик дини" симпозиуми давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан исломий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, "Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази" мега-лойиҳаси муҳокама қилинди.
Симпозиумга Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов модераторлик қилди.
Турк қўлёзмалари бошқармаси президенти Жошкун Йилмазнинг маърузаси йиғилганларда катта қизиқиш ўйғотди. У ўз ташкилоти фаолияти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, қадим маданий меросимизга оид хушхабарни айтиб ўтди. Жошкун Йилмаз бошқараётган Туркия қўлёзмалар бошқармасига қарашли Сулаймония кутубхонасида энг нодир китоб – Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон томонидан 1318 йилда кўчирилган нодир Қуръони Карим қўлёзмаси сақланади.

– Бу ўта қадимий ноёб қўлёзмани яқинда Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази делегациясининг Туркияга сафари давомида делегация аъзоларига кўрсатган эдик, – деди Жошкун Йилмаз. – Китоб ниҳоятда гўзал безаклар билан безатилган. Ушбу қўлёзма Фотих султон Мехмет томонидан Қрим урушидан ўлжа сифатида Истанбулга олиб келинган. Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан унинг факсимиле нусхасини чоп этиш ниятидамиз.
Симпозиум қатнашчилари бу хушхабарни олқишлар билан қарши олди. Симпозиумда Туркия қўлёзмалар бошқармаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Имом Бухорийнинг дунёдаги энг эски ва тўлиқ ҳадислар тўплами факсимиле нусхасини совға қилди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос ва таржимон Иброҳим Ғафуров Қуръон маъноларининг ўзбек тилига таржимаси юзасидан олиб борилган ишлар ҳақида сўзлади.
Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш маркази (IRCICA) бош директорининг ўринбосари Чингиз Томар IRCICA ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари жумладан, “Ўзбек олимлари энциклопедияси”ни яратиш устида иш олиб бораётгани ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов замонавий дунёда диннинг аҳамияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Қуръони Каримнинг илоҳий-маънавий моҳиятига тўхталди.

Саудия Арабистонининг Ислом санъати музейи ва Мерос, маданият ва санъат масалалари бўйича Al Midad ташкилоти раҳбари Мамдуҳ Усмон Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик лойиҳалари ва исломнинг бой тарихи ҳақида маъруза қилди.
Истанбулдаги Ислом цивилизацияси боғи раҳбари, дунёга машҳур Қуръон хаттоти Ҳусайн Кутлунинг “Туркияда хаттотлик санъати” мавзусидаги маърузаси, 1500 йиллик ислом маданияти мусҳаф санъатлари тарихи ва руҳини ўзида акс эттирган муҳташам намуна Истанбул мусҳафи ҳақидаги маълумотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бирлашган Араб Амирлигининг “Манара” маркази ижрочи директори Бахита Аҳмад Аль-Румейси ўз ташкилоти ҳақида қизиқарли маълумотларни келтирди. Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик лойиҳаларига тўхталди.
Франциялик Қуръоншунос, Сорбонна ва Париж Олий амалиёт мактаби доктори, Париж Академик тадқиқотлар институти раиси ва Миллий илмий тадқиқот маркази (CNRS) тадқиқотчиси Карим Ифракнинг ўзбек Қуръон қўлёзмалари, жумладан, Амир Темурга тегишли бўлган, ҳозирги вақтда шахсий коллекцияда сақланаётган ноёб Қуръон ҳақидаги тадқиқоти симпозиумнинг энг сенсацион воқеаси бўлди.
– Минг варақдан иборат Амир Темур Қуръони пушти, бинафша, қаймоқранг, яъни бир нечта ранглардан иборат бўлиб, бу қўлёзма дунёнинг ҳеч қаерида учрамайди, – деди Карим Ифрак. –
Чунки, тилла суви билан юритилган ҳарфларда битилган оятлар қоришиб кетмаган. Қуръон бўйича эксперт сифатида ҳеч иккиланмасдан шуни айтишим мумкин-ки, мазкур Қуръон қўлёзмаси дунёдаги энг чиройли ва ноёб қўлёзмалардан биридир. Бундай Қуръон нусхасини ҳозирги кунда яратишнинг имконияти ҳам, технологияси ҳам йўқ. Бу Қўлёзма орқали Темурийлар даврида илм-фан, хаттотлик санъати нақадар ривожланганлигини кўриш мумкин. Шу жиҳатлари билан у мени тадқиқот олиб боришга ундамоқда. Бебаҳо Қуръон нусхаси айни пайтда шахсий коллекцияда сақланмоқда.
Туркия ва Ислом санъати музейи директори, профессор Экрем Айтар Ислом меросини чуқур ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигига тўхталди. “Outdoor Factory” компанияси директори Синан Тураман Имом ал-Бухорий музейи лойиҳасини тақдим қилди.

– Биз Ислом цивилизацияси маркази билан 2021 йилдан бери самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – деди “Outdoor Factory” компанияси директори Синан Тураман. – Ҳамкорлик доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасида замонавий рақамлаштирилган музей қуриш режалаштирилган. Музей ҳам анъанавий, ҳам замонавий санъатни ўзида мужассам этган маскан бўлади. У ерда Имом Бухорийнинг болалигидан тортиб, унинг феноменал хотирага эга экани, “Сахихул Бухорий” асарининг яратилиш тарихи ва бошқа асарлари ҳақида батафсил маълумотлар хронологик тарзда интерактив, замонавий мультимедиа технологиялардан фойдаланган ҳолда намойиш этилади.
Симпозиум доирасида “Қуръон: тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш нури” номли эксклюзив кўргазма очилди. Унда диний мазмундаги ноёб қўлёзмалар ва қадимий Қуръонлар намойиш этилди. Улар кейинчалик Ислом цивилизацияси маркази музейининг ва Имом Бухорий инновацион музейининг “Қуръон зали” экспозициясидан жой олади.
Маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбир давомида махсус тақдимотлар ўтказилди. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов “Жаҳон коллекцияларидаги Ўзбекистоннинг маданий мероси” лойиҳасини тақдим қилди. Намик Камол университети тарих кафедраси профессори Халит Эрен Қуръоннинг ноёб қўлёзма нусхаларининг факсимилеларини Ислом цивилизацияси маркази “Қуръон зали”да жойлаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг етакчи илмий ходими Ҳамидулло Лутфуллаев ва Ислом цивилизацияси марказининг илмий котиби Рустам Жабборов Фирдавс Абдухолиқовнинг “Қуръоннинг ноёб қўлёзма нусхалари тарихи ва тақдири” лойиҳасини тақдим қилди.
Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез турк султони Маҳмуд II га Қўқон хони Амир Умархон томонидан ҳадя қилинган Қуръон, Ўзбекхон Қуръони ва Амир Темурнинг невараси учун кўчирилган ноёб Қуръони Каримнинг факсимилеларини чоп этиш ҳақидаги кенг қамровли лойиҳасини тақдим қилди.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек “Файзул Фурқон”нинг ўзбек тилидаги таржимаси ва янги ўзбекча қўлёзма Қуръонлар ҳақидаги лойиҳалари ҳақида сўзлади. Туркия ва Ислом санъати музейи директори Экрем Айтар “294-рақамли Қуръон” мавзусида қизиқарли маъруза қилди.
Шунингдек, Тожикистоннинг Панжакент педагогика университети проректори Шодмон Воҳидов хусусий коллекцияларда сақланаётган Қуръонлар қўлёзмасининг реестрини яратиш лойиҳасини тақдим қилди. Унинг маърузаси якунлангач, форум иштирокчилари томонидан барча лойиҳалар муҳокама қилиниб, қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Ёш хаттотлар учун машҳур хаттотлар Ҳусейн Кутлу ва Ҳабибулла Солихнинг маҳорат дарси ҳам ташкил этилди.
Н.Усмонова, ЎзА