Ислом Каримов халқимиз хотирасида
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари ўтказилди.
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар йили 2 сентябрь Ислом Каримов хотираси куни сифатида, бу улуғ инсонни ёд этиш, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди.
Бу йил ҳам ушбу сана муносабати билан бутун мамлакатимиз бўйлаб хотира тадбирлари ўтказилмоқда. Ислом Каримов туғилиб ўсган ва айни пайтда мангу ором топган маскан – Самарқандда ҳам эрта тонгдан хотира тадбирлари бошланди.

Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Ислом Каримовнинг давлатимиз мустақилликка эришиши ва тараққиёти йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкаллар ўрнатилди. Юртимиздаги бир қатор йирик объектлар, кўчаларга буюк давлат ва сиёсат арбоби номи берилди.

Вилоят жамоатчилиги вакиллари Ислом Каримов мақбара-мажмуасидан чиқиб, унинг номи билан атлувчи кўчадан ўтиб келиб, Регистон майдони яқинида ўрнатилган мустақиллигимиз асосчиси ҳайкали пойига гуллар қўйди.
– Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикаси асосчиси, оғир дамларда мамлакатда хавфсизликни таъминлаб, унинг тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор қўйган шахс сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин тутади, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори М.Пардаев. – Шу билан бирга бу улуғ инсон халқимиз қалбидан чуқур жой олган эди ва юртдошларимиз ҳурмат, эҳтиром билан ёдга олмоқда. Бугун Самарқанддаги Ислом Каримов мақбара-мажмуаси ва ҳайкали ўрнатилган майдон ҳар қачонгидан-да одамлар билан гавжумлиги ҳам бу фикрни тасдиқлайди
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.


